Қозоғистон пойтахти Остонадан чиқувчи барча йўллар ёпилган, деб хабар қилмоқда Tengrinews.kz сайти республика фавқулодда ҳолатлар қўмитаси хабарига асосланган ҳолда.

"2017 йил 25 январь куни об-ҳаво шароитининг ёмонлашуви сабабли барча йўналишлар бўйича автотранспорт воситаларининг барча турлари учун ҳаракат тақиқланган", - дейилади қўмита хабарида. 
Шу билан бирга, фавқулодда ҳолатлар қўмитаси изғирин бўлишидан огоҳлантириш эълон қилган. 25 январдан 26 январга ўтар кечаси, тахминларга кўра Остонада кучли шамол юз бериши кутилмоқда. Унинг тезлиги сониясига 15-20 метрни ташкил этиши мумкин. 
Об-ҳаво шароитларининг ёмонлашуви муносабати билан Ақмола, Ақтўбе, Костанай ва Павлодар вилоятларининг республика аҳамиятига молик йўлларида автотранспорт ҳаракатлари чекланган.