Бугун 25 январь куни "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасининг навбатдаги жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. 

3-кун мавзуси - Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари бўлди. Ушбу йўналиш бўйича банк тизимидан ташқари хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш йўлида амалга ошириладиган ишлар - кредит тизимини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятига аралашмаслик, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, хусусийлаштириш тизимини соддалаштириш, хусусий мулк дахлсизлиги йўналишида фармон қабул қилиниши таъкидланди. 

Вилоят ҳокимларига ностратегик объектларни сотиш ваколати берилади. Таъкидлаш жоизки, республика бўйича 675 та бўш объект аниқланди - бу биноларни тадбиркорларга бериш ва уларга керакли шарт-шароитлар яратиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Тадбиркорлар 24 ойга ер солиғи ва мулк солиғидан озод қилиниши қайд этилди. 

Шунингдек кичик бизнес имкониятларини яратиш ва уларни рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлаб ўтилди. Бу борада баъзи қонунларга ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда.