Германия Қуролли кучларининг илк ҳарбий бўлинмалари Литвага етиб келди. Улар НАТОнинг кўпмиллатли батальонини кенгайтириш дастури доирасида Болтиқбўйининг ушбу мамлакатида жойлашади, деб ёзмоқда Spiegel.

Дастлаб, ҳарбийларни олиб келган транспорт самолёти Вильнюс аэропортига қўниши режалаштирилган эди. Бироқ, ноқулай об-ҳаво режаларни ўзгартириб юборган. 

Нашрга кўра, Германия аскарлари НАТОнинг Литвадаги батальонида муҳим ўрин тутади. Тез орада уларнинг сафига Бельгия, Нидерландия ва Норвегия аскарлари ҳам келиб қўшилади. Бундесвер қўмондонлиги бир неча босқичда республикага 450 нафар аскар ва ҳарбий техникалар, шу жумладан зирхли танкларни ҳам келтиради. Батальоннинг 1200 кишилик таркиби май ойида тўлиқ ҳосил қилинади. 

Эслатиб ўтамиз, НАТОнинг 2016 йил июль ойида Варшавада бўлиб ўтган саммитида 2017 йили Польша ва Болтиқбўйи мамлакатларида тўртта кўпмиллатли батальонни жойлаштиришга келишиб олинган эди. Алъянсга кўра, бу Россияни "тутиб" туришга қаратилган. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров эса, АҚШ ва НАТО "Шарқдан таҳдид" уйдирмаси асосида Москва билан муносабатларини қасддан кескинлаштираётгани ҳақида баёнот берганди.