Дунёнинг турли минтақаларида миллатлараро ва динлараро кескинлик кучайиб бормоқда, миллатчилик, диний муросасизлик бош кўтармоқда. Бу иллатлар давлатни емириб, жамиятни парчалаб, радикал гуруҳ ва оқимлар учун мафкура базасига айланмоқда. Ана шундай мураккаб вазиятда мамлакатимизда турли миллат ва динга мансуб инсонлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу бизнинг заминимизда тинчлик ва осойишталикнинг мустаҳкам кафолати бўлиб хизмат қилади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бу борада шундай фикр билдирди: "Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон Бадиий академияси, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла», «Нуроний» жамғармалари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа кўплаб ташкилотлар, ўйлайманки, маданият ва маърифат, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш соҳасидаги ишларни янада кучайтириши зарур. Бу бугун бизнинг барчамиз учун ҳаётий муҳим вазифадир".

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрига кўрк қўшиб турган, илгари «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамиятига тегишли бўлган Бобур кўчасидаги бинони Республика байналмилал маданият марказига бериш ва уни Дўстлик саройи деб номлашни таклиф этди. Мазкур бинони реконструкция қилиш ва унинг атрофини ободонлаштиришни кўзда тутадиган тегишли ҳукумат қарорини қабул қилиниши маълум қилинди.