Президентимиз Шавкат Мирзиёев тақдимномасига мувофиқ Олий Мажлис Сенати томонидан 2016 йил 12 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлашда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. 2017 йил 13 январь ҳолатида амнистия акти қирқ мингга яқин шахсга нисбатан татбиқ этилган.

Амнистияга оид қарорнинг қўлланилишида ошкоралик тамойилига тўлиқ амал қилинишига эътибор қаратилди. Бунда жамоатчилик назорати, хусусан, депутатлар корпусининг бевосита иштирокини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилди. Шу мақсадда сенаторлар, депутатлар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг минтақавий вакиллари, Фуқаролик жамияти институтлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилди. Улар томонидан жазони ижро этиш муассасаларида 185 учрашув ўтказилди. 8,3 мингдан зиёд маҳкум билан суҳбат қилинди. Амнистия актига асосан жазодан озод қилинган шахслар билан олиб борилаётган ишлар мониторинг қилиб борилди. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари, ташкилотлар, меҳнат жамоалари, жазони ўташ жойлари ҳамда маҳаллаларда қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш борасида кўплаб тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Мажлисда қайд этилганидек, амнистия акти татбиқ этилган шахслардан 26 мингдан зиёди жиноий жавобгарликдан ҳамда жиноий жазодан озод қилинган. Жумладан, амнистия 5,4 мингдан зиёд хотин-қизга, 893 вояга етмаганга, 410 нафар чет давлатлар фуқаросига нисбатан қўлланилган.
Қарорнинг 2-бандига мувофиқ эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган 15 мингдан зиёд шахс жазодан озод қилинган. 13,5 мингга яқин шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати қарорнинг 6-бандига мувофиқ қисқартирилган.