Бугун 25 январь куни "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасининг навбатдаги жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. 

3-кун мавзуси - Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари бўлди. Тадбирда Солиқ академияси, Марказий банк, Иқтисодиёт вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакиллари иштирок этишди. Таъкидлаш жоизки, тадбирга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан ҳеч ким келмади, ҳолбуки матбуот релизида раис ўринбосарининг номи қайд этилган эди. 

Спикерларимиз иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари - очиқлик ва рақобатни ошириш, эркин иқтисодий фаолиятни таъминлаш, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, иқтисодиётнинг илғор тармоқларини фаоллаштириш ва модернизациялаш, банк молиявий ислоҳотларни тубдан ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорликни ҳимоя қилиш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, чет эл инвестицияларини жорий қилиш, туризмни самарали ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгартиришларни киритишга йўналтирилганлигини қайд этишди.

Шунингдек банк тизими олдига катта вазифалар қўйилганлиги, чет эл молия ташкилотлари билан ҳамкорлик, инвестицияларни жалб қилиш, миллий валютани эркин конвертация қилиш, талаб ва таклифдан келиб чиқиб, бозор нархини белгилаш, инфляция даражасини сақлаб қолиш, истеъмол товарлари баҳоси ошишининг олдини олишга эътибор қаратилиши таъкидланди. 

Ўзбекистонда банк тизимини халқаро андозаларга кўра ривожлантириш, корпоратив бошқарувни ривожлантириш, жаҳон банки экспортларини жалб қилиш, тадбиркорларга кредит маблағларини ажратиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, рақобатбардошликни ошириш чора-тадбирлари кўрилаётганлиги айтилди.