Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бўйича идоралараро комиссия ташкил этиш режалаштирилмоқда, деб хабар берган республика Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Умид Муҳаммедов Спутник нашрига.

Тегишли қонун лойиҳаси 2017 йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқилади. Муҳаммедов сўзларига кўра, мамлакатда бундай комиссиялар турли соҳаларда аллақачон ишламоқда. Хусусан, бунда одам савдоси бўйича комиссияни мисол келтириш мумкин.

"Биринчидан, бизнинг вазифаларимиздан бири – айнан қайси ҳокимият органлари коррупция билан курашиши ва уларда қандай ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар бўлишини аниқлашдан иборат. Демак, биз бундай органлар рўйхатини тақдим этишимиз лозим. Улар ичига фуқаролик жамияти институтлари ҳам киритилади. Яъни биз ким нимага жавоб беришини аниқлаштириб олишимиз керак. Ҳозир бу режалаштирилган бўлиб, норматив актлар лойиҳалари тайёрланган. Улар айни дамда мутахассислар томонидан кенг муҳокама қилинмоқда", - деди маҳкама матбуот хизмати вакили.

Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, бу ишда ривожланган мамлакатлар, хусусан Норвегия ва Сингапурнинг тажрибаси ҳам ҳисобга олинади. У ерда коррупция даражаси бошқа давлатларга қараганда анча паст. 

Шу билан бир қаторда, суҳбатдошнинг аниқлик киритишича, ҳозирда янги тузилма қайси функция ва ваколатларга эга бўлиши борасида бир қадар нотўғри тушунчалар пайдо бўлган. Унинг сўзларига кўра, кўпчилик буни комиссия гўёки қандайдир коррупция билан боғлиқ жиноятларни фош қилиб, жиноий ишларни қўзғатади, деб тушунган. Мутахассиснинг таъкидлашича, мамлакат ИИВ ва Бош прокуратура каби куч маҳкамаларида тегишли тузилма бўлинмалари фаолият олиб боради. Улар янги ишланмалар доирасида ўз фаолиятларини янада такомиллаштиради, деб қўшимча қилди у.

"Идоралараро комиссия қонунчиликни такомиллаштириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш, таҳлил қилиш ва норматив ҳужжатлар ҳамда қонуности актларни тарғиб қилиш ва такомиллаштиришга йўналтирилган чоралар комплексини қабул қилади. У бу соҳадаги тизимли муаммоларни аниқлаш билан шуғулланади.

Шу билан бир қаторда, бу ишдаги яна бир муҳим жиҳатлардан бири – давлат органлари ходимлари профессионал тайёргарлигини ошириш. Агарда биз давлат аппарати, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари дунёқарашини ўзгартирмасак, натижаларга эриша олмаймиз", - дея аниқлик киритди Умид Муҳаммедов. Мамлакатда коррупцияни йўқотиш бўйича таклиф этилаётган барча чоралар комплекси яқин икки йилга мўлжаллаб ишлаб чиқилаётган дастурда ўз аксини топади.