Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Япония Ташқи ишлар вазири Фумио Кисидага мактуб йўллади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмат хабар қилмоқда. 

Ўзбекистон ТИВ раҳбари, Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан ҳамкасбини қутлаган. Абдулазиз Камиловнинг мамнуният билан таъкидлашича, ўтган давр мобайнида мамлакатларимиз ўртасида икки ва кўп томонлама муносабатларнинг барча жабҳалари бўйича 2002 йилда қабул қилинган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот руҳида очиқ ва самарали сиёсий мулоқот ўрнатилган.

Мактубда қайд этилишича, 2015 йил октябрь ойида Япония Бош вазири Синдзо Абенинг Ўзбекистонга расмий ташрифи муваффақиятли ўтиши Ўзбекистон-Япония муносабатларининг юқори даражада эканлигини яна бир бор кўрсатган ҳамда савдо-иқтисодий, молиявий-инвестицион, илмий-технологик ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни бундан буён ҳам ривожлантиришга янги суръат бахш этган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон томони мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини шакллантириш, энергетика, инфратузилма, телекоммуникация ва бошқа йўналишларни ривожлантириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда Япония томонидан кўрсатилаётган ёрдамни юқори баҳолаши таъкидланган. 

Ўзбекистон ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланаётганини қайд этар экан, Ўзбекистон томони ҳамкорликни, айниқса таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларидаги алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдираётганини маълум қилган.

Абдулазиз Камилов Япония Ўзбекистоннинг синалган дўсти ва ишончли ҳамкорига айланганини қатъий ишонч билан айтиш мумкинлигини таъкидлаш баробарида, икки вазирнинг ўзаро саъй-ҳаракати билан Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатлар ва стартегик шериклик икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида бундан кейин ҳам ҳар томонлама ривожланишига умид билдирган.