Маълумки, 26 январь куни "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасининг навбатдаги жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. Медиаҳафталикнинг 4-кун мавзуси: Ижтимоий соҳадаги устувор йўналишлар. 

Мазкур йўналишлар орасида энг муҳимларидан бири соғлиқни сақлаш тизими бўлиб, бу борада мутахассислар тақдимоти ва муҳокама бўлиб ўтди. 

Фармоцевтика соҳаси соғлиқни сақлаш тизимининг асосидир. Уни ривожлантирмай туриб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиб бўлмайди. 

Мутахассисларимизнинг сўзларига кўра, бугунги кунда бош вазир ўринбосари бошчилигида аҳолига 334 та дори-дармонларнинг етиб бориш нархларини назорат қилиш учун давлат комиссияси тузилган. Бу жуда катта енгиллик яратиши алоҳида қайд этилди, зеро бундай чора-тадбирлар  дори-дармонлар баҳосининг ошиб кетиши олдини олади. 

Кузатувларга кўра, дорихоналаримизда дориларга қўйиладиган устама ҳақ 40-60 фоизни ташкил қилади. Бунга чек қўйиш учун улгуржи дорихоналардаги устама ҳақ - 15 фоиз, чакана дорихоналардаги устама ҳақ эса 20 фоиз этиб белгиланди. Бу халққа етиб борадиган дорилар нархини назоратга олиш имконини беради. Янги тизимни бир меъёрда олиб бориш учун назорат органлари мавжуд. 

Ҳозирга келиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи 116 турдаги дори  нархлари белгилаб бўлинган. Хориждан келтирилган 227 та дори нархлари ҳам яқин кунларда эълон қилиниши айтилди. Бунга доир маълумотларнинг барчаси соғлиқни сақлаш тизими сайти орқали маълум қилиб борилмоқда.