Американинг биотехнология компанияси Johnson & Johnson Швейцариянинг Actelion Pharmaceuticals фармацевтика компаниясини 30 млрд долларга харид қилишга келишиб олди. Бу ҳақда Johnson & Johnson хабарида сўз юритилган. Мазкур битим икки компания директорлар кенгаши томонидан маъқулланган. Битимнинг молиявий ижроси 2017 йил биринчи чорагида якунланишига умид қилинмоқда. Шундай қилиб,  Johnson & Johnson Actelion компаниясининг ҳар бир акциясига 280 доллардан тўлайди. 

Битим Actelion компаниясининг кам учрайдиган касалликларни даволаш соҳасига доир технологияларини қўлга киритиш мақсадида амалга оширилган. Молиявий мажбурият амалга оширилгач, Actelion ушбу соҳада алоҳида R&D NewCo номли янги бўлинмани ташкил этади. Унда Johnson & Johnson 32 фоизгача етказиш имкониятини сақлаб қолган ҳолда 16 фоиз ҳиссага эга бўлади. 

1886 йилда асос солинган Johnson & Johnson компанияси дунёдаги энг йирик косметика ва санитар-гигиена маҳсулотлари, тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. У Fortune журналининг энг йирик компаниялар рейтинги – Fortune 500 рўйхатида 37-рақамда белгиланган.