Қозоғистон Франция билан Areva компанияси акцияларини харид қилиш бўйича музокаралар ўтказмоқда. Бу ҳақда Франциянинг Қозоғистондаги элчиси Франсис Етьен Astana TV телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган.

Телеканалнинг таъкидлашича, Франциянинг мамлакатдаги элчиси 25 январь куни Остона шаҳрида ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко билан икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан учрашган. Аввалроқ, йирик энергетика компаниясидаги улушни "Казатомпром" харид қилишни режалаштираётгани хабар қилинганди. Бироқ бу борада расмий маълумот берилмади. Бунга қадар эса бир қатор ОАВ келишувга Россия ва Хитой ҳам қизиқиш билдираётганини хабар беришган. Гап айнан қайси миқдордаги акцияларнинг хариди ҳақида бораётгани номаълум.

Шунингдек, келишув қиймати ҳақида ҳам маълумот берилмаган. Етьеннинг телеканалга хабар беришича, улар айни дамда Areva компанияси капитализациясини такроран ўтказишни режалаштирмоқда ва шунинг учун узоқ муддатли ҳамкорлик учун шерик излашмоқда. "Areva Қозоғистон ва бутун Марказий Осиё учун муҳим энергетик компания ҳисобланади. Жуда ҳам кўп музокаралар ўтказилмоқда ва Қозоғистон айнан қанча фоиздаги улушни сотиб олмоқчи эканини фақатгина расмий ҳукумат айтиши мумкин. Минг афсуски, мен рақамларни айта олмайман. Музокара жараёни ҳали ўз якунига етмаган", - дея маълум қилди у.

Телеканал маълумотига кўра, Қозоғистонда, шунингдек, Франция капитали иштирокида 130дан ортиқ компания фаолият юритади. Улар асосан нефть, автомобилсозлик ва фазовий соҳалар билан боғлиқ. ҚР ТИВ маълумотларига кўра, Франция республика иқтисодиётига 2005 йилдан бери тахминан 13 миллион доллар сармоя киритган.

Areva компанияси атом энергетикасига мўлжалланган асбоб-ускуналар ва муқобил манбалардан электроэнергия ишлаб чиқаради. Унинг қароргоҳи Парижда жойлашган.