АҚШ Сурияда хавфсиз ҳудудларни ташкил этиш туфайли юзага келадиган барча эҳтимолий ҳолатлар ҳақида ўйлаши лозим, дея маълум қилди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. 

«Бу қочқинлар билан вазиятни янада ёмонлаштириб юбормаслиги жуда муҳим», - деди у. Песков Вашингтон Москва билан бу масалада маслаҳатлашмаганини ҳам айтди.

Кремль вакили шунингдек, президент Владимир Путин ва Америка етакчиси Дональд Трамп ўртасидаги телефон мулоқотида ҳеч қандай келишувларга келинмаганини таъкидлаб ўтди.

Аввалроқ Трамп Сурияда қочқинлар учун хавфсиз ҳудудларини яратишни режалаштираётгани ҳақида хабар бергандик. Унинг фикрича, Европа миллионлаб инсонларга (қочқинлар. – таҳ.) Германия ва бошқа давлатларга келишга рухсат бериб, катта хатога йўл қўйган. Шу билан бир қаторда, миллиардер АҚШда Европадаги қочқинлар билан боғлиқ вазият юзага келишини истамаслигини айтиб ўтди.

Трамп томонидан ҳозирча имзоланмаган ҳужжатга кўра, Америка раҳбари Пентагон ва давлат департаментига хавфсиз ҳудудларни аниқлаш бўйича режа ишлаб чиқиш вазифасини юклайди. Ҳужжат матни билан Reuters танишиб чиққан. Фармон лойиҳасига кўра, хавфсиз ҳудудлар Суриянинг ўзида, шунингдек яқин атрофдаги давлатларда ташкил этилиши лозим. Уларда қочқинлар ватанларига қайтариб юборишлари ёки бошқа давлатлар улар қабул қилишларини кутишлари мумкин бўлади.

Reuters’нинг кўрсатишича, бу қадам АҚШнинг Суриядаги фуқаролик урушига ҳарбий аралашувини ошириши мумкин – айнан шуни Оқ уйнинг аввалги эгаси Барак Обама истамаган.