26 январь куни "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасига бағишланган медиаҳафталикда навбатдаги йўналиш бўйича тақдимот ва музокаралар ўтказилди. 

"Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари"га бағишланган бугунги тадбирда ойлик ва маошлар, нафақа ва ижтимоий нафақаларнинг босқичма-босқич ошиб борилиши, аҳоли бандлигини оширишнинг самарали усуллари, аҳолини арзон ва замонавий уй-жойлар билан таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш тизими, таълим ва фан соҳаси бўйича  тақдимотлар намойиш этилди. 

Тўртинчи йўналиш ўз ичига кўплаб муҳим соҳаларни қамраб олгани учун қизғин муҳокамаларга бой бўлди. Иштирокчилар нотиқларга ўз савол ва таклифларини йўллаб, жавоб олишга муваффақ бўлишди.

Айни дамда ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилар орасида оммалашган "Мактабларнинг 11 йиллик таълим тизимига қайтиши" ҳақидаги саволга ҳам ойдинлик киритилди. 

Мазкур саволга Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазири ўринбосари Дилмурод Турдиев қуйидагича жавоб берди: 

"Ҳозирда биз 9+3, яъни 9 йил мактаб ва 3 йил лицей ёки касб-ҳунар коллежлардаги таълим тизими бўйича ишлаймиз ва бу тизим ўзини тўлақонли оқламоқда. Агарда мазкур масалада қандайдир ўзгаришлар бўлса, ОАВ ходимлари, албатта, биринчилардан бўлиб хабардор бўлишади".

Демак, мактабларнинг 11 йиллик таълим тизимга қайтиши ҳақида тарқалган гаплар шунчаки миш-миш эканлиги тасдиқланди.