Мексика президенти Энрике Пенья Ньетонинг АҚШга 31 январь кунига режалаштирилган ташрифи белгиланган муддатда амалга оширилади. Бу ҳолат мексикалик сиёсатчиларнинг уни Америка етакчиси Дональд Трамп томонидан чегарада девор қуриш ҳақидаги қарори туфайли бекор қилиш ҳақидаги чақирувларига қарамай юз беради, деб маълум қилди Мексика ташқи ишлар вазири Луис Видегарай. Бу ҳақда Televisa телеканали хабар тарқатди.

"Президентларнинг (Мексика ва АҚШ) Вашингтондаги амалий учрашуви келаси сешанба куни бўлиб ўтиши тасдиқланди", - деб маълум қилди Мексика ТИВ раҳбари. Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат етакчилари ўртасидаги аввалдан режалаштирилган музокаралар "ўз кучида қолади".

Мексикада Трампнинг Лотин Америкаси мамлакати билан чегарада "йирик тўсиқ" қурилиши ҳақидаги баёноти сиёсий арбоблар ва жамоатчилик вакиллари орасида катта танқидга сабаб бўлди. Мексикалик бир қатор сиёсатчилар Пенья Ньетони Америка президенти билан режалаштирилган учрашувни "дарҳол бекор қилишга" чақирди.

Шу билан бир қаторда, Видегарайнинг хабар беришича, девор қурилиши юзасидан у Трамп жамоаси билан Оқ уйдаги учрашувда "катта ташвишда" эканини билдирган. 

"Биз Мексика ҳукумати томонидан АҚШ ҳукумати ва халқига нисбатан қабул қилинган конструктив ва ижобий қарорларга мос келмайдиган жиддий қадамлар қўйилишидан жиддий ташвишдамиз", - деб таъкидлаб ўтган Мексика ташқи сиёсат идораси раҳбари.

Пенья Ньето эса бир неча бор унинг мамлакати Вашингтон билан яхши муносабатлардан умидвор эканини, бироқ девор қурилиши учун маблағ сарфламаслигини маълум қилган. "АҚШнинг девор қуришни давом эттириш борасидаги қарорини қоралаймиз, - дея маълум қилди Мексика президенти чоршанба куни Трамп томонидан имзоланган фармонга изоҳ бериб. – Мен бир неча бор айтиб ўтганман: Мексика ҳеч қандай девор учун пул тўламайди".