Когон тумани «Сарибозор» қишлоғида яшовчи Бобоёр Маҳкамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўйламай қадам босди. У наша чекишга ружу қўйди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

2015 йилнинг баҳор ойида таниши Барот Ўлмасовни учратиб, “дард”ини айтди.

- Наша-ку, топиб беролмайман. Аммо уруғидан беришим мумкин.

- Ака, яхшилигингизни унутмайман.

Бобоёр Маҳкамов танишидан “заҳри қотил” уруғидан олиб, томорқасида экиб парваришлади.

Бўйи 80-90 см бўлган ўсимликнинг баргларини йиғиб олган Бобоёр полиздан мўл ҳосил кўтарган кишидек хурсанд бўлди. “Ажал уруғи” таъмини татиб кўриб, бироз мизғиди. Шундан сўнг ўзига ҳамқишлоғи Шербек Жўрақуловни шерик қилди.

2016 йилда эса 10 туп наша уруғини нафақат томорқасига, балки кўздан яширин, дея гултувакка экди. Кўп ўтмай ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинган Бобоёр жарлик ёқасига келиб қолганини тан олди.

Судланувчи Б.Маҳкамовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаси билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. У панжара ортида оиласидан узоқда, балки қилмишидан пушаймонлик чекар, бироқ вақтни ортга қайтариб бўлмайди.

Иллат ҳудуд танламайди... Ғиждувонлик Олимжон Туробов ҳам бу иллатни “юқтириб” олганлардан. 2015 йилнинг май ойида ўзи яшаб келаётган ҳовлидаги томорқага гиёҳвандлик ўсимлигини экиб етиштириш жиноятини содир этганида, кўзлагани фақат даромад топиш эди. У жиноий шериги Акмал Эшдавлатов билан фуқаро Абди Солиевга 700 минг сўмга 3 дона гугурт қутисига солинган, вазни 8 грамм бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилишга жалб этиш жиноятини содир этганида ҳам виждони қийналмади. 

Бухоро шаҳридаги “Карвон бозор”и олдидан ўтувчи йўлда ҳаракатланиб кетаётган О.Туробовга тегишли “Матиз” русумли автомашина тўхтатилиб, йўловчи А.Эшдавлатов кўздан кечирилганда, гугурт қутисига қадоқлаб солинган “Марихуана” гиёҳвандлик воситаси топилди.

Судланувчилар О.Туробов ҳамда А.Эшдавлатов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жазога тортилди.