Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раиси Очилбой Раматов Ашхободда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар берди.

Ўзбекистон делегацияси Ашхободга туркман-ўзбек савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича навбатдаги Қўшма йиғилишда иштирок этиш учун ташриф буюрди.

Учрашув давомида Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов Туркманистон Ўзбекистон билан кўп қиррали давлатлараро мулоқотни кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлаб ўтди.

Учрашув доирасида бир қатор муҳим йўналишлар, жумладан ёқилғи-энергетика ва транспорт-коммуникация, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳалардаги кўп йиллик самарали шерикликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикрлар алмашилди.

Томонлар ўзаро ҳамкорликни диверсификация қилишдан манфаатдор эканини тасдиқлашди. Шу билан бир қаторда, ҳукуматлараро комиссиянинг турли даражада эришилган келишувларни амалга оширишдаги фаолияти ижобий баҳоланди.

Таъкидланишича, ҳар икки мамлакат минтақадаги умумий муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта эътибор бермоқда. Улардан бири – Оролни қутқариш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдир.