Маълумки, 26 январь, пайшанба куни Ҳаракатлар стратегиясига доир медиаҳафталикнинг 4-йўналиши - ижтимоий соҳадаги устувор йўналишлар муҳокамага қўйилди. Унда соғлиқни сақлаш тизимининг ўрни катта, албатта. 

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Мутахассисларимиз олдинда қилинадиган ишлар кўплиги - ҳар бир хонадонни тез тиббий ёрдам, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, бирламчи тиббий ёрдамни ташкил этиш, қишлоқ врачлик пунктларидаги хизматлар билан таъминлаш мақсад қилинганини таъкидлашди. 

Бугун аҳолининг тиббий хизматдан норозилиги алоҳида қайд этилди. Ижро механизмида камчиликлар кўплиги айтилди. Бу борада залда йиғилганлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. 

Соғлиқни сақлаш вазир ўринбосари Эльмира Боситхонова тиббиёт масканлари, шу жумладан туғруқхоналарда маънавий муҳитни ўзгартириш мақсад қилинганлигини  таъкидлади. Шифокорлар малакасини ошириш, уларнинг ўз қасамёдига содиқ қолишига катта эътибор қаратилиши таъкидланди. 

Бундан буён "соғлиқни сақлаш тизимида даромад эмас, бемор саломатлиги бирламчи" деган ғояга амал қилиниши кўзда тутилмоқда. Бу йўлда албатта кенг жамоатчиликнинг ўрни ҳам катталиги, баъзи ҳолатларда одамларнинг ўзи ҳам тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаши танқид остига олинди.