Тошкент шаҳрида аҳолига хизмат кўрсатувчи йўналишли таксиларда йўл ҳақи учун жетонларни жорий қилиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа 2017 йил иккинчи чорагида амалга оширилади. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» томонидан ташкил қилинган матбуот анжуманида малум қилинди, деб ёзган Uz24.uz сайти. 

Айни вақтда жетонларни жорий қилиш механизми ва унинг қийматига оид масалалар ҳал қилинмоқда. Масалан, автобусларда бир хил 1 200 сўмлик йўлкира белгиланган бўлса, йўналишли таксилардаги йўлкира йўналиш масофаси ва бошқа омиллардан келиб чиққан ҳолда белгиланади ва у 1 200 сўмдан бошланади. 

Режага кўра, йўналишли таксилар учун жетонлар бир хил қийматга эга бўлади. Агар, йўлкира ҳақи кўпроқ бўлса, йўловчи етмаган маблағни тўлайди, агар кам бўлса, ҳайдовчи қайтим беради. 

Жамоат транспортида қайтим масаласи доимий муаммо экани ҳисобга олинса, бу ечим қанчалик қулайлиги хусусида берилган саволга, «Тошшаҳартрансхизмат» вакили айни шу масала ҳозирда кўриб чиқилаётганини билдирган.