Тошкент жанубий темир йўл вокзали тубдан янгиланади 

Ўзбекистон 26 Январь 2017 15857

Тошкент жанубий темир йўл вокзали Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиши кутилаяпти. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Боштранслойиҳа» АЖ томонидан лойиҳалаштирилган мазкур иншоот hi-tech усулда барпо этилади. Бинонинг ташқи кўриниши оқ рангда бўлиб, нақшлар керамика ва сунъий тошлар билан безатилади. Вокзал бир қаватли бўлиб, Тошкент шаҳар иқлимини инобатга олган ҳолда иситиш ва совутиш тизимларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу ерда йўловчиларга кўплаб қулайликлар яратилади. Шунингдек, 8,7 Х 6 метр бўлган жаҳон андозаларига мос юқори сервис хизмати кўрсатишга мўлжалланган VIP зал режалаштирилган.

Яна бир қулайлик - иншоотнинг ҳар икки томонида авто тураргоҳлар барпо этилади. Темир йўл кассалари бино ташқарисидан жой олган бўлиб, замонавий тарзда қурилади. Бинонинг олд томони ободонлаштирилиб, марказда 20 метр диаметрдаги фаввора бунёд этилади. Бино бир суткада ўн минг кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга тарзда бунёд этилади. Шу кунгача бу ердан фақат шаҳарлараро йўналишларда қатновлар амалга оширилган бўлса, эндиликда бир қатор маҳаллий йўналишлар «Тошкент–Жанубий» вокзалидан амалга оширилади. 

Кўпроқ янгиликлар