АҚШ президенти Дональд Трампнинг баёнот беришича, у террорчиларга нисбатан қўлланиладиган қийноққа солиш усулларини самарали восита деб билади. 

Трамп АВС телекомпаниясига берган интервьюсида, журналист, унга президент сифатида инсонни сувга чўктириш билан қийноққа солишни хоҳлайсизми, дея мурожаат қилган. 

Трамп бунга жавобан "ўз жамоаси", хусусан, мудофаа вазири Жеймс Мэттис ҳамда МРБ директорлигига илгари сурган Майкл Помпеога ишонишини айтган. 

"Аммо, бу иш беради, деб ўйлайманми? Мутлақ, мен ўйлайманки, бу самара беради", — деган президент.

Трамп, шунингдек, сўнгги кунларда АҚШ "разведка бошқармасининг юқори лавозимли вакиллари билан суҳбатлашган"ини билдирган. "Мен улардан: қийноқлар фойда берадими, деб сўрадим. Улар: ҳа, мутлақ, дея жавоб беришди", — деган Трамп. 

Америка етакчисининг айтишича, "ИШИД жангарилари қилаётган ишларни ўрта асрлардан бери ҳеч ким эшитмаган". "Мен Яқин Шарқда одамларни, мусулмон ёки насронийлигидан қатъи назар таналарини бошларидан жудо қилинишини хоҳламайман", — деб қўшимча қилган Трамп.