Ўзбекистонда амалдорлар даромад декларациясини тўлдиришларини кўзда тутувчи меъёр жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Sputnik агентлиги Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги манбасига асосланган ҳолда хабар қилмоқда

Агентлик манбасининг сўзларига кўра, ҳозирда тегишли вазирлик ва муассасалар коррупцияга қарши 2018 йилгача мўлжалланган икки йиллик дастурни ишлаб чиқишмоқда. Коррупция жиноятига қарши кураш бўйича қатор чора-тадбирлар мажмуасини ўз ичига олувчи ҳужжат март ойи охирига қадар тайёр бўлади. Хусусан, ундаги меъёрлардан бирида давлат ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари даромадлари ҳақида декларация тўлдиришлари мажбурий талаб сифатида кўрсатилади.

"Даромад декларацияси юридик ҳужжат эмас, балки иқтисодийдир. Шунинг учун ҳозирда мутахассислар томонидан мазкур талабни жорий этиш шартлари ўрганиб чиқилмоқда ва муҳокамалар якунига етиши билан барча таклифлар умумлаштирилади ва шундан сўнг, бу борадаги аниқ фикр айтилади", — деган суҳбатдош.

Унинг қайд этишича, умуман олганда дастур доирасида республикада коррупцияга қарши кураш борасида хориж тажрибасига ҳам асосланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда қонунчилик актларини таҳлил қилиш ва уларни такомиллаштириш ҳамда мансабдор шахслар орасида ҳалол меҳнат қилишни тарғиб қилувчи аниқ таклифлар киритиш билан шуғулланувчи коррупцияга қарши муассасалараро комиссия ташкил этиш режалаштирилмоқда. Комиссия шунингдек, ушбу соҳада мавжуд бўлган сурункали муаммоларни аниқлаш билан ҳам шуғулланади.