Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пластик картадан нақд пул ечиб олиш муаммосини ҳал қилиш бўйича чора-тадбирларни кўрмоқда. Бу ҳақда Марказий банк пул муомаласи департаменти ходими Фахриддин Бобоев Nuz.uz мухбирига маълум қилган.

МБ вакилининг сўзларига кўра, ҳозирда, Ўзбекистонга 2 минг дона инфокиоск ва минг дона банкомат етказиб бериш бўйича ишлаб чиқарувчи компаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда. Ушбу қурилмалар банк бўлимлари ҳамда ишчилари сони 50дан ортиқ бўлган компания ва корхоналарда ўрнатилиши режалаштирилган.

"Бундан ташқари, нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини ривожлантириш ҳам давом эттирилади. Тез орада, республикадаги барча савдо ва хизмат нуқталари терминаллар билан таъминланади. Шу билан нақд пул муаммоси барҳам топади", — дея ишонч билдирган Марказий банк вакили. 

Фахриддин Бобоев, шунингдек, шаҳар ва қишлоқ жойларда мини-банклар сонини ошириш режаси мавжудлигини ҳам қайд этган. Шу пайтга қадар, 5 км радиусда битта банк, унинг бўлими ёки мини-банк етарли деб ҳисобланган бўлса, эндиликда мазкур масофани 1 кмгача қисқартириш кўзда тутилмоқда.