«Бухоро» маслаҳатчи-мураббийи сифатида клуб расмий сайтида таништирилган Вадим Абрамов аслида бу лавозимда расман ишламаслиги ҳақида гапириб ўтди.

«Бухороликлар мени таклифим билан Улуғбек Бақоевни бош мураббий сифатида тайинлашди ва мендан ёрдам беришимни сўрашди. Ўз ўрнида мен ҳам бундан хурсандлигимни, Бақоев Бухоро футболи учун бегона эмаслигини, лозим бўлса, имкон қадар қўлимдан келганча ёрдамимни аямаслигимни айтдим.

Мен шунчаки Улуғбек Бақоевга ёрдам бераман. Олдин айтилганидек маслаҳатчи мураббий бўлиб ишламайман. Клубда расман фаолият олиб бормайман. Шунчаки Бақоевга чемпионат бошлангунига қадар ёрдам бераман. Мавсум бошланишига оз вақт қолди, шу боис комплектация ва бошқа исталган саволларни ечишга ёрдам бераман.

Агар бошқа клублардан таклиф тушадиган бўлса, уларни кўриб чиқишга тайёрман. Маъқул таклиф бўлса, мен аниқ ўша таклифни қабул қиламан. Шундай экан, мен клубга ҳам, сизга ҳам тўғрисини айтаяпман. Бировни алдаш менга бегона. Айни дамда Улуғбек Бақоевга қўлимдан келганича ёрдам бераман. Янги клублардан таклиф тушган тақдирда, кўриб чиқаман. Таклифлар учун очиқман», дея Абрамовнинг сўзларини келтиради «Эрудит-Спорт».