26 январь куни "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасига бағишланган медиаҳафталикнинг тўртинчи кунида таълим йўналишида ҳам кўплаб музокаралар бўлиб ўтди. Иштирокчиларнинг спикерларга йўллаган саволлари орасида хусусий коллеж ва лицейларни ташкил этиш бўйича савол ҳам бор эди. 

"Хусусий ўқиш жойларида болаларнинг тарбияси қайси томонга йўналтирилиши ноаниқ. Уларга жавобгарликни ким ўз зиммасига олади? Айни дамда хусусий коллеж ва лицейларни очиш масаласи олдида бир қанча мавжуд муаммолар борлигига эътибор қаратишимиз лозим. Бизга маълумки, ҳозирда юртимизда кўплаб чет эл университетларининг филиаллари мавжуд. Улар орасида Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёти университети, Турин политехника университети, Инҳа университетини мисол қилиш мумкин. Бироқ биз ишга қабул қилиш вақтида юқоридаги олийгоҳларни тамомлаган талабаларни суҳбатга чақирганимизда уларнинг кўпчилигини Ўзбекистонда қолиш нияти йўқ. Яна бир бор эътиборингизни қаратишингизни сўрайман, айнан қолиш нияти йўқ.  Агарда бу университетларда бизнинг яхши тарбияли, билими кучли ёшларимиз таҳсил олган бўлса, нима сабабдан Ўзбекистонда ишлаш нияти йўқ? Бу бизнинг олдимизда турган катта муаммодир. Аввалам бор, мана шу масалалар юзасидан катта-катта ишларни олиб боришимиз зарур", - деди Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазири ўринбосари Дилмурод Турдиев. 

 Шу ўринда, Самарқандда озиқ-овқат соҳасида хорижий ҳамкорлар билан янги йўналишдаги институтни ташкил этиш, Бухорода туризмни ривожлантириш бўйича, Андижон ва Фарғонада механика йўналишини ривожлантириш бўйича янги институтлар очиш дастурдан асосий ўрин олгани алоҳида қайд этилди. Мазкур таклиф бўйича қарор қабул қилиниши билан бунинг устида қатор ишлар амалга оширилиши айтиб ўтилди. 

"Ҳозирги кунда фарзандларимизни чет элга кетиб қолишини олдини олиш учун қиладиган ишларимиз, вазифаларимиз талайгина", - дея қўшимча қилди Дилмурод Турдиев.