Қадри билинмаган одам қадри энг баланддир

Жамият 27 Январь 2017 20716

Салафи солиҳлар ва улардан кейин ўтган улуғ зотлар ҳаётига назар солсак, ўзимиз учун кўп ибрат оламиз. Улар биз учун йўлчи юлдуздирлар. Улардан ўрнак олиб, юксак одоблар ила зийнатланамиз, чин инсон бўлиш бахтига эришамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улуғ саҳобалари, жаннат башорати берилган зот Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларига эътибор берайлик: “Мен бир мўмин банданинг ён тарафидаги бир дона тук бўлиб қолишни орзу қилардим” (Манба: Имом Аҳмад, “Китобуз зуҳд”).

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир меш сувни елкасида кўтариб кетаётганини кўрдим ва: “Эй, мўминлар амири! Бу иш сизга тўғри келмайди”, дедим. У бўлса: “Менинг олдимга турли одамлар итоат этган ҳолда таъзим қилиб келишганида, ўзимда кибр-манманлик аломатини сездим. Энди ўшани синдиришни хоҳлайман”, деди” (Манба: Ибн Қаййим, “Мадорижус соликин”).

Муборак ибн Фазоладан ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ва бир киши ўртасида қандайдир гап ўтди. Шунда у киши Умарга: “Эй мўминлар амири, Аллоҳга тақво қилинг!” деди. Шунда бошқа бир киши: “Эй, сен! Мўминлар амирига: “Аллоҳга тақво қилинг!” дейсанми!?” деб хитоб қилди. Умар розияллоҳу анҳу: “Уни ўз ҳолига қўй, гапираверсин. Унинг гапи қандай яхши!?” деб, сўзида давом этди: “Агар сизлар ўша сўзни айтмасангиз, у ҳолда сизларда яхшилик йўқ экан. Агар биз уни қабул қилмасак, бизларда яхшилик йўқ экан”, деди (Манба: Ибн Жавзий, “Тариху умар”).

Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб Шомга борганида уни маҳаллий уламолар ва киборлар қарши олишди. Шунда: “Мана бу уловни мининг. Одамлар сизни кўришади”, дейилди. Умар бўлса: “Сизлар амр (буйруқ ёки иш) мана бу ердан, деб ўйлайсизлар. Аслида амр ана у ердан”, деб қўли билан осмонга ишора қилди ва: “Йўлимни очиб қўйинглар”, деди”.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу тунда таҳорат сувини ўзи тайёрларди. Унга: “Ходимларингиздан бирига айтсангиз бўларди”, дейилди. У зот: “Тунда улар дам олишади”, деб жавоб берди (Манба: “Тарихул хулафо”).

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалик чоғида хачир минар, масжидда ёлғиз ўзи ухларди. Уни бирон киши қўриқлаб турмасди.

Кўп молу давлат соҳиби, саховатпеша Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу кийиниш бобида ўта камтарлигидан уни қулларидан ажратиб бўлмасди.

Бир куни Абдуллоҳ ибн Масъуд ташқарига чиқди. Одамлар унга эргашишди. Шунда Ибн Масъуд уларга: “Сизларнинг бирон ишингиз борми?” деди. Одамлар: “Йўқ, фақат сиз билан бирга юрмоқчимиз”, дейишди. Абдуллоҳ: “Ортингизга қайтинг! Зеро, бу ишингиз эргашувчига (сизларга) хорлик, эргашилувчига (менга) фитна (кибр ва ғурурга кетиб қолиш) олиб келади”, деди (Манба: “Сифатус софва”).

Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Агар сизлар мен ҳақимда менчалик илмга эга бўлганингизда устимдан тупроқ сочган бўлардингиз”, деган.

Урва ибн Зубайр камтарликнинг дунёдаги самарасини шундай тушунтирган: “Тавозеъ шарафни жалб қилувчи нарсалардандир. Ҳар бир неъмат эгасига ҳасад қилинади. Илло тавозеъга ҳеч ким ҳасад қилмайди. Камтарлик шундай мева берадики, натижада киши қавми ва атрофдагилар олдида шарафга эришади. Бу Аллоҳ азза ва жаллага итоат этилганда, У Зотнинг неъматлари ва фазлини билганда бўлади”.

Умар ибн Собитдан ривоят қилинади: “Али ибн Ҳусайн ибн Али вафот этганида, уни ғусл қилдираётганларида белидаги қора изга кўзлари тушди. Шунда билмаганлар: “Буни нима?” деб сўрашди. “У тунлари бир қоп унни белига қўйиб, Мадинадаги камбағалларга тарқатарди”, деб жавоб берилди” (Манба: “Сияр”).

Бир киши Абу Ҳанифага: “Аллоҳдан қўрқинг!” деди. Шунда у зотнинг ранги ўзгариб, жим бўлиб қолди. Кейин: “Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотласин! Одамлар сен айтган нарсага доим муҳтожлар”, деди (Манба: “Сияр”).

Ўз даврининг мужтаҳид олими бир оми одамдан насиҳат эшитиб, унга таслим бўлишини қаранг! Бизда-чи, бунинг акси. Илм ва бошқа соҳада ўзимиздан “паст”дагиларга эътибор ҳам бермаймиз, сўзини эшитишга-ку тоқатимиз йўқ. Бу нима, кибр аломати эмасми? Бас, азизлар ўтмишда ўтган ва биз учун ёрқин йўлчи юлдуз бўлган салафи солиҳларга эргашайлик!

Фузайл ибн Иёз: “Ким риёсатни яхши кўрса, зинҳор нажот тополмайди”, деган (Манба: Ғаззолий, “Иҳё улумид дин”).

Маъсият ботқоғига ботган, дангасалик ва ғафлат тўридаги одамларга Абдуллоҳ ибн Муборакнинг қуйидаги сўзлари жуда манфаатлидир: “Агар киши ўзининг қадрини билса, ўзининг наздида итдан ҳам хорроқ бўларди” (Манба: “Ҳилятул авлиё”).

Суфён Саврий айтади: “Агар ўзингни билсанг, одамлар айтган гаплари сенга зарар қилмайди” (Манба: Аҳмад ибн Ҳанбал, “Аз-зуҳд”).

Ваҳб ибн Мунаббиҳдан ривоят қилинишича, Имом Молик: “Агар киши ўзини мақтай бошласа, унинг салобати кетади”, деган (Манба: “Сияр”).

Бир киши Имом Моликдан бир масала сўради. У: “Мен буни яхши билмайман”, деди. Савол берган киши: “Мен сиздан масала сўрашга фалон жойдан келсам-у, сиз яхши билмайман, деяпсиз!” деди. Шунда Молик ибн Анас: “Агар юртингга қайтиб борсанг, мен яхши билмайман, деб айтганимни уларга етказ”, деди (Манба: Абу Нуайм, “Ҳилятул авлиё”).

Ҳасан айтади: “Мен бир куни Ибн Муборак билан сув ичадиган жойга бордим. У ерда одамлар кўп эди. Ибн Муборак сув ичиш учун яқинлашди. Одамлар уни танимадилар. Шу сабаб тиқилинчда уни туртиб юборишди. Чиққанимиздан кейин Ибн Муборак менга: “Ҳаёт мана шундай (яъни, бировни танимасак, унинг ҳурматини жойига қўймаймиз)”, деди”.

Али ибн Собит шундай деган: “Мен Суфён Саврийни мажлис ўртасида кўрмадим. У деворга суяниб ўтирарди, икки тиззасини йиғиштириб оларди” (Манба: “Сифатус софва”).

Абу Абдуллоҳ (Аҳмад ибн Ҳанбал) шундай деган: “Аллоҳдан улар бизни ўйлаганларидан кўра яхшироқ қилишини, улар билмайдиган гуноҳларимизни кечиришини сўраймиз” (Манба: Аҳмад ибн Ҳанбал, “Ал-вароъ”).

Яҳё ибн Маин айтади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга ўхшаганини кўрмаганман. Биз эллик йил унга суҳбатдош бўлдик. Аммо у салоҳият ва хайр бобида ўзини бизлардан афзал билиб мақтанмасди” (Манба: “Маноқибул имом аҳмад”).

Аллоҳ таоло Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳни мукофотласин! У зот жуда кўп машаққатларга сабр қилиб, фитналарга бардош берди. Имом Аҳмад мусулмонлар имоми даражасига чиққан бўлса-да, ўзи буни инкор қилар, “Мен ҳали бу даражага чиққаним йўқ”, деб камтарлик қиларди.

Холид ибн Маъдон: “Яҳё ибн Саид ҳалқасидаги одамлар кўпайиб кетса, шуҳратпарастликдан қўрққани учун ўрнидан туриб кетарди”, деган.

Муҳаммад ибн Восеъ ўзи ҳақида шундай деганди: “Агар гуноҳларнинг ҳиди бўлганида, бирон киши олдимда ўтирмасди” (Манба: “Сияр”; “Сифатус софва”).

Айюб Сихтиёний: “Агар солиҳлар зикр қилинса, мен улардан четда қолиб кетаман”, деган (Манба: “Тазкиротул ҳуффоз”).

Имом Шофеий шундай деган: “Қадри билинмаган одам қадри энг баланддир. Фазли билинмаган одам энг фазилатлидир” (Манба: “Сияр”).

Бакр ибн Абдуллоҳ ал-Музаний: “Агар ўзингдан ёши каттани кўрсанг, “Бу одам мендан имон ва солиҳ амалда ўзиб кетган. У мендан яхшироқдир”, дегин. Агар ўзиндан кичикни кўрсанг, “Гуноҳларим уникидан кўпроқ. У мендан яхшироқдир”, дегин”, деб айтган.

Зиёд Намрий: “Камтарликдан холи бўлган зоҳид мева бермайдиган дарахт кабидир”, деган.

Кибр нафсга ёмон таъсир қилади. Буни Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Али шундай тушунтирган: “Агар киши қалбига озроқ кибр иллати кирса, ўша кирган нарсанинг оз ё кўплигига қараб унинг ақлида ноқислик бўлади” (Манба: Ғаззолий, “Иҳёу улумид дин”).

Рабийъ ибн Хусаймга: “Эй Абу Язид, қандай тонг оттирдингиз?” дейилса, у: “Заиф ва гуноҳкор ҳолдимизда тонг оттирдик. Ризқларимизни еймиз ва ажалларимизни кутамиз”, деб жавоб қайтара эди.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

«Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом-хатиби

Кун янгиликлари
Ҳурматли абитуриентлар, сизнинг ҳали Олий ўқув юртига ўқишга кириш имкониятингиз бор!
09:55 22648 Lifestyle
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 24744 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 12756 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 54036 Жамият
Тиббиётдаги энг хавфли 10 жараён
19:31 845 Lifestyle
Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга ташриф буюради
Lamborghini машинаси ўғирланган куниёқ ёниб кетди
Россиянинг яна бир шаҳрида Ўзбекистон бош консуллиги очилади
19:23 1121 Жаҳон
Оммавий маданиятга қарши курашамиз деб, оломон маданиятини яратиб қўймадикми?
19:17 981 Жамият
Қирғизистонга қарши ўйинга мухлислар киритилмаслигига расман изоҳ берилди
19:14 2525 Спорт
Кўпроқ янгиликлар