Россия ва АҚШ давлат раҳбарлари Владимир Путин ҳамда Дональд Трамп ўртасидаги телефон орқали мулоқот шанба, 28 январга белгиланган. Бу ҳақда ТАСС агентлигига РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилган.

"Ҳа, мен буни тасдиқлайман", - деган Песков.

Аввалроқ, Америка ОАВларида 20 январда лавозимига киришган Дональд Трампнинг Путин билан телефон орқали биринчи расмий суҳбати 28 январда бўлиши ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. 

26 январь куни Трамп Fox News телеканалига интервью берар экан, тез орада Россия давлат раҳбари билан гаплашиб олишини билдирган эди. "У ғалаба қозонганимда менга қўнғироқ қилди. Шундан сўнг, биз суҳбатлашмадик. Бироқ, тушунишимча, яқинда гаплашамиз", - деган Трамп.

Айни интервьюда, Трамп АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг тикланиши икки давлатга фойда келтириши ҳақида гапирган эди. "Мен Путинни билмайман. Аммо, Россия билан келишиб олсак, ажойиб бўларди. Россия учун ҳам, бизга ҳам яхши эди, - деган Трамп. – Биз биргаликда ИШИДни йўқ қиламиз".