2016 йил якунларига кўра Швейцария қўл соатлари экспорти 9,9 фоизга тушиб кетди. Бу ҳақда Интерфакс Швейцария соат саноати федерацияси маълумотларига асосан хабар берди.

Соатлар экспорти ҳажми 19,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу 2009 йилдан бери энг максимал пастга шўнғиш бўлди: ўшанда экспорт глобал инқироз сабаб 22 фоизга тушиб кетганди. Швейцария компаниялари хорижга ҳаммаси бўлиб 25,4 миллион соатни сотган (бу ҳам 2009 йилдан бери энг паст кўрсаткич).

Экспорт ҳажми пасайишига Хитойда порахўрлик билан курашнинг фаоллаштирилиши сабаб қилиб кўрсатилмоқда. У ерда давлат хизматчиларига қимматбаҳо совғалар бериш тақиқланди. Шунингдек Ҳонконгда ҳам талаб пасайган.

Ҳар икки мамлакат маҳсулотни сотиш бозори бўйича етакчи учликка киради: Ҳонконг биринчи ўринда, Хитой учинчи (иккинчи поғонада эса АҚШ жойлашган). Шу тариқа, Ҳонконгга 2016 йилдаги экспорт ҳажми 25,1 фоизга қадар пасайиб, 2,38 миллиард долларни, Хитойга эса – 3,3 фоизга қисқариб, 1,292 миллиард долларни ташкил этди.