Ўзбекистон ҳукумати Тошкент шаҳрини инқирозли вазиятларда бошқариш маркази, пойтахт аҳолисини кутилмаган ҳодисалар рўй берганда огоҳлантириш иншоотларини ташкил этиш қарорининг лойиҳасини эълон қилди. Ҳужжат матни Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси сайтида жойлаштирилган

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага кўра, Тошкент шаҳрида инқирозли вазиятларда шаҳарни бошқариш Маркази барпо этилади. У фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ишларини таҳлил қилиш, мониторингни амалга ошириш ҳамда ФВ оқибатларига барҳам бериш босқичида кучлар ва воситалар самарадорлигини таъминлайди. Бундан ташқари, аҳолини огоҳлантириш, Тошкент шаҳри бошқармаларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш, аҳолидан хавфли ҳодисалар ёки ФВ пайдо бўлишига доир ахборотларни «112» ягона қисқа рақами орқали қабул қилиш бўйича бош мувофиқлаштирувчи орган бўлади. 

Шу билан бирга, бу Марказнинг ташкил этилишига қарамай, аҳолидан шошилинч хизматларнинг қисқа рақамлари бўйича мурожаатларини ҳам қабул қилиниши давом эттирилади. 

Марказнинг сайёр лойиҳасини 2017 йил 1 майига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Шунингдек, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда, фавқулодда вазиятлар ҳолатида аҳолига маълумотлар бериш бўйича FM диапазонида янги радиоканал очилади.