Юридик хизматларнинг моддий таъминоти яхшиланади

Ўзбекистон 27 Январь 2017 7822

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юридик хизматлар фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси ва юридик хизматлар фаолиятидаги ўзгаришлар 26 январь куни Адлия вазирлигида бўлиб ўтган анжуманда муҳокама қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Анжуманда қайд этилганидек, юридик хизмат ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган ташкилотда албатта барча ишлар қонун талаблари асосида олиб борилади. Ҳуқуқбузарликларнинг олди олинади. Лекин амалда бу хизматлар зиммаларидаги масъулиятини тўлақонли бажара олмаётгани сир эмас.  

Юридик хизмат ходимларининг моддий таъминот даражаси ҳам мазкур соҳага олий юридик маълумот ва амалий тажрибага эга юқори малакали кадрларни жалб қилишга тўсқинлик қилган. Бу эса юридик хизматлар ишининг сифатига салбий таъсир ўтказиб келгани бор гап. Буни қуйидаги рақамлар ҳам тасдиқлайди. Айни пайтда давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизмат штат бирликлари сони 3,3 мингдан ортиқ бўлса-да, амалда фаолият юритаётган юристлар сони қарийб 2,6 минг нафарни ташкил этади. 

Давлат раҳбари қарорида ҳам юридик хизматларни ташкил этишда тартиб йўқлиги ва улар штат бирликларида нормативлар мавжуд эмаслиги таъкидлаб ўтилган. Юридик хизматлар томонидан ҳуқуқларнинг амалиётга мослигини ўрганиш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш бўйича самарали ишлар олиб борилмаган. Мазкур соҳадаги ишлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар томонидан аниқланган камчиликлар ва қонун бузилишларини бартараф этиш бўйича чораларни амалга ошириш лозимлигини кўрсатди.

Президентнинг юридик хизматлар фаолиятини яхшилаш тўғрисидаги 19 январда қабул қилинган қарори давлат органларидаги юристлар ролини оширади. Эндиликда буйруқлар, қарорлар, шартномалар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда юридик хизматлар томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади. Юридик хизматларнинг давлат органлари қарорлари бўйича жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқ ва эркинликларига таъсир кўрсатувчи хулосасининг олиниши мажбурий қилиб белгиланди.

Давлат органларида юридик хизмат ходимларини ишга тайинлаш ва вазифасидан озод қилиш учун мажбурий тартибда адлия органлари билан келишиш шарт.

Ҳужжатда юридик хизматлар ходимлари моддий рағбатлантирилиши ҳам белгиланган. Ҳар бир чоракда улар судда ёки судгача тартибда давлат органлари фойдасига ундирилган маблағларнинг 5 фоизи миқдорида мукофотланади. Бундан ташқари, уларнинг мансаб тоифаларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда қўшимча ойлик иш ҳақи белгиланади.

Юридик хизмат ходими сифатидаги фаолият бошқа давлат органлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи тузилмаларга ўтилганда, иш стажига синф унвони ва хизмат қилган йиллар учун қўшимча тўловларни ҳисоблаш ва тўлаб бериш учун ҳисобга олинади.  Мазкур мутахассислик бўйича уч йиллик иш тажрибасига эга бўлган юридик хизматлар ходимлари амалиётдан ўтмаган ҳолда адвокатлик лицензиясини олиш бўйича малака имтиҳонида иштирок этишлари мумкин.

Кўпроқ янгиликлар