Маълумки, 27 январь куни Тошкент шаҳрида муҳокамага қўйилган Ҳаракатлар стратегияси хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик йўналишида кечди. Унда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов мамлакатимизда ташқи алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган икки йўл харитаси яратилиши ҳақида маълум қилди. 

Йўл харитасининг бири республиканинг хорижий давлатлар билан сиёсий-дипломатик соҳадаги ҳамкорлиги ривожига йўналтирилади. Ташрифлар, учрашувлар, муҳокамаларни юксак савияда ташкиллаштириш масалалари ушбу харитада ўз аксини топади. Сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказиш, ташқи сиёсий ташаббусларни илгари суришга доир бир қатор вазифалар ва чора-тадбирлар ҳам шу туркумга  киритилади. 

Иккинчи йўл харитаси савдо-иқтисодий, молиявий-инвестиция, илмий-маърифий соҳалардаги аниқ амалий чора-тадбирларни ҳаётга тадбиқ этишга йўналтирилади. Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган етти йўналиш унинг асосини ташкил қилади. Экспортни кенгайтириш, маҳаллий маҳсулотни четга олиб чиқиш номенклатура диверсификацияси, Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларида хорижий ҳамкорлар иштироки ҳамда уларни локализацияга жалб қилиш шу йўналиш таркибига киради. 

Ҳозирда мазкур ҳужжатлар фаол ишлаб чиқиш жараёнидадир. Келгусида улар ҳукумат қарори сифатида расмийлаштирилади.