Бугун, «Niso-Рoligraf» нашриётида Мавлон Шукурзоданинг “АҚШ-ЎЗБЕКИСТОН ҲАМКОРЛИГИ ФАКТ ВА РАҚАМЛАРДА. 1992-2016” китоби босмадан чиқди. Мазкур китоб Америка қўшма штатлари билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги дипломатик муносабатлар ривожланишининг 25 йиллигига бағишланган. Мазкур ахборот-маълумотнома тўпламида 1992-2016 йиллардаги даврда иккала томон ўртасида юз берган асосий воқеалар, муҳим фактлар ва саналар умумлаштирилиб, бир тизимга солинган. Ушбу китоб АҚШ Давлат департаменти грантига чоп этилди.

АҚШ бутун Марказий Осиё минтақасининг ривожида муҳим аҳамият касб этишда давом этмоқда. АҚШ билан геостратегик жиҳатдан «минтақа юраги» – Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар бу жиҳатдан энг намунали ҳисобланади. Бунинг устига, яқинда иккала мамлакат муносабатларининг 25 йиллиги нишонланади – 1992 йил 19 февралда мамлакатлар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. Ушбу муносабатлар туси ва йўналиши ҳақида хулоса чиқарса бўладиган салмоқли муддатдир. 

Шу сабабдан муаллиф иккала мамлакат – Америка қўшма штатлари ва Ўзбекистон Республикасининг ўтган 25 йиллик ҳамкорлиги давомидаги ўзаро алоқалари тарихига оид энг муҳим фактлар ва рақамларни жамлаш, умумлаштириш ва тизимлаштиришга ҳаракат қилди. Натижада 25 йиллик дипломатик алоқалар тарихини намойиш этувчи энг қизиқарли ва рангдор фотосуратларнинг кенг тўплами тасвирланган икки томонлама муносабатларнинг қисқача маълумотномаси яратилди. 
Илгари сурилган вазифалар маҳаллий давлатлар хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда янада муваффақиятли бажарилиши ва амалий натижа бериши учун АҚШ 2015 йилнинг сентябридан «C5+1» (МО мамлакатлари ва АҚШ) механизмини ишга туширди. Ҳар йили икки томонлама сиёсий консультацияларнинг ўтказилиши ҳам Ўзбекистон-Америка ҳамкорлиги режали тарзда чуқурлашувига туртки бўлмоқда, уларнинг сўнгги раунди 2016 йил январида Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтди. 
Ўқувчиларнинг кенг доирасига тақдим этилаётган ушбу китобда давлат тузилмаларининг расмий тусдаги сиёсий ва қонунчиликка оид маълумотлари, турли илмий-таҳлил марказлари, халқаро ва маданий-маърифий ташкилотлар, Дўстлик жамиятларининг норасмий манбалари, оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет-ресурслар ва маълумотномалар, мутахассислар ва экспертлар билан шахсий мулоқотлардан фойдаланилган. Ҳодисалар сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича санаб ўтилган.