Сайтимиз орқали икки ҳафта олдин Шаҳрихон тумани Тумор маҳалласида истиқомат қилувчи Қорабоевлар хонадонида туғилган уч эгизак – Исломжон, Абдуғани ва Каримжонлар ҳақида мақола берган эдик. 

Олти ойлик болакайлар анча улғайиб қолишган ва дуркун катта бўлишмоқда. Уларга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан алоҳида оила шифокори ва ҳамшира ажратилган бўлиб, чақалоқлар доимий назоратда. Шифокорлар мунтазам равишда чақалоқларнинг ҳар томонлама соғ-саломат улғайишлари учун кўрикдан ўтказиб туришади.   
  
Юртимизнинг биринчи президенти таваллуд куни олдидан Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов марҳум юртбошимиз исми-шарифларига атаб исм қўйилган уч чақалоқларни йўқлаб борди.

- Вилоят, туман ҳокимлиги ва маҳалла аҳли томонидан берилаётган катта эътибордан жуда хурсандмиз, - дейди чақалоқларнинг онаси Фотимахон. –Шифокорлар ҳам ҳар куни хабар олишади. Акалари - Машҳурбек, Самандар, Искандар ва Мансурбеклар ҳам дарсдан бўш вақтларида уч бешикни тебратиб, уй юмушларимга ёрдам беришяпти. Минг шукрки, фарзандларим обод ва озод юртда дунёга келди. Давлатимизнинг бутун дунё ҳавас қилгудек ютуқларга эришишида Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг меҳнатлари беқиёс. Насиб қилса етти ўғлимиз у киши орзу қилганидек алпқомат, ватан келажагига ўз ҳиссасини қўшадиган илм ва ҳунарда ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар бўлиб етишишади.    

Элмурод Эрматов, Андижондан Kun.uz сайти учун махсус