«Янгиариқ текстиль» йилига 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилади

Ўзбекистон 28 Январь 2017 6320

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев халқ билан мулоқот қилиш ва жойлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол билан яқиндан танишиш мақсадида 27 январь куни Хоразм вилоятига сафар қилди. У ташрифи чоғида Янгиариқ туманида ташкил этиладиган ип-газлама ишлаб чиқариш корхонаси лойиҳаси билан танишди. Аввалги “Янгиариқ текстиль” масъулияти чекланган жамияти биносида иш бошлайдиган янги корхонада йилига қарийб 20 миллион квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқариш, 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 150 иш ўрни яратиш режалаштирилган, деб ёзади ЎзА агентлиги. 

Шу туманда яна бир истиқболли лойиҳа – замонавий типдаги чорвачилик комплексини ишга тушириш мўлжалланмоқда. Халқ банки кредити асосида “Тилло домор” хусусий корхонаси томонидан ташкил этиладиган ушбу мажмуада 2 минг бош қорамол боқиш, йилига 4 минг 100 тонна сут, 200 тонна гўшт тайёрлаш режалаштирилган. Комплексда 90 га яқин иш ўрни яратилади.

“Ўзбекнефтгаз” компанияси томонидан ташкил этилаётган пластмасса заводи лойиҳаси ҳам намойиш этилди. Бу ерда 3,5 минг тонна полиэтилен ва полипропилен гранулаларини қайта ишлаш асосида турли сиғимли сув идишлари, шунингдек, яшик ва қутилар ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. 

Президентимиз ушбу лойиҳаларнинг рентабеллиги билан қизиқди. Бундай корхоналарни бошқа туманларда ҳам ташкил этиш, одамларни иш билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди. 

Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи доирасида Боғот туманида 200 гектар майдонда токзор ташкил этиш лойиҳаси билан танишди. “Ўзвиносаноатхолдинг” холдинг компанияси тизимидаги “Хоразм узуми тайёрлов савдо” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этиладиган боғда йилига 3 минг тонна узум етиштириш, 210 кишини иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Шунингдек, 200 гектар майдонда гурвак, кичкинтой, гулоби, зар гулоби каби экспортбоп қовун навлари экиш режалаштирилган. 

Боғот тумани Миришкор қишлоғидаги хонадонларда иссиқхона ташкил этиб, лимон, ёнғоқ, помидор, бодринг каби харидоргир маҳсулотлар етиштириш борасида олиб борилаётган ишларга ҳам эътибор қаратилди. 

 

Кўпроқ янгиликлар