Маълумки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соҳалар ва ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар самарасида Хоразм вилоятининг саноат салоҳияти ҳам ошди. Ҳазорасп туманида “Дамас”, “Орландо” ва “Лабо” автомобиллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.  

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 12 январдаги «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони ушбу ҳудудлардаги ресурслардан самарали фойдаланиш имконини бермоқда. 

Бугунги кунда «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси учун ер участкаси ажратилиб, уни зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилган. Ҳозиргача ушбу ҳудудда енгил саноат, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш бўйича 50 дан ортиқ лойиҳа тайёрланган, деб ёзади ЎзА ахборот агентлиги. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 27 январда Хоразм вилоятига ташрифи доирасида «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси билан яқиндан танишди. Президентимиз ушбу стратегик зона қурилишида сифат ва муддатга эътибор қаратиш, чет элларда унинг имкониятларини тарғиб қилиш орқали хорижий инвестиция ва технологияларни жалб этиш зарурлигини таъкидлади. 

Президентимиз Ҳазорасп туманига ташрифи чоғида Хоразм вилояти қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлайдиган Тошсоқа магистрал каналида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди. 

Ушбу каналда сув сатҳи пасайиб кетгани сабабли далаларни насос ёрдамида суғориш талаб этиларди. Умумий қиймати 145 миллион доллардан ортиқ бўлган ушбу лойиҳа доирасида Тошсоқа, Шовот, Полвон Ғазовот ва Ғазовот каналларининг 305 километри реконструкция қилиниб, канал туби кўтарилади. 21 янги канал ва 607 гидротехника иншооти қурилади. Бунинг натижасида 280 га яқин насос олиб ташланиб, йилига 14 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тежалади. 

Пудратчи ва қурувчилар ишини самарали ташкил этиш, қурилиш ва реконструкция ишларини жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.