Берлин ҳокими Трампга мактуб йўллаб, Берлин девори ҳақида эслатди

Жаҳон 28 Январь 2017 12553

Берлин мэри Михаэль Мюллер Дональд Трамп номига ёзган очиқ мактубини тақдим этди. Унда АҚШнинг Мексика билан чегарасида девор қурмасликка чақирган.

Мактуб Berlin.de порталида эълон қилинди. Унда Мюллер 1989 йилгача Шарқий ва Ғарбий Берлинни ажратиб турган Берлин девори ҳақида ҳам эслатиб ўтган.

"Биз, берлинликлар, аксарият инсонлардан фарқли равишда бу нақадар оғриқли масала эканлигини яхши биламиз. Бутун қитъа тиконли сим ва деворлар билан ажратиб олиниши яхши эмас", - деган Мюллер. Унинг қўшимча қилишича, Берлин деворининг бузилиши 20 асрнинг энг йирик воқеаларидан бирига айланган.

Унинг сўзларига кўра, берлинликлар тарихий тажрибасига "мағзава ағдаришларига" йўл қўймаслик лозим.

"Мен америкалик президентга мурожаат қиламан: аввалги етакчилардан бири Рональд Рейганни эсланг. Унинг "Бу деворни бузиб ташланг!" сўзларини хотирланг. Шунинг учун мен ҳам айтмоқчиман: жаноб президент, бу деворни қурманг!", - дея хулоса қилган Берлин ҳокими.

Жорий ҳафтада АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг сайловолди ваъдаларидан бирини бажарди – Мексика билан чегарада девор қуриш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Унинг сўзларига кўра, бу иш "яқин ойлар ичида бошланади".

Кўпроқ янгиликлар