Бутун умри, фаолиятини болалар адабиётига бағишлаган филология фанлари доктори, профессор Сафо Матжон таваллудига 70 йил тўлиши муносабати билан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Тил ва адабиёт таълимининг долзарб масалалари” номли республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. 

Анжуманни бошқариб борган университет ректори Ш.Сирожиддинов: “Бу қутлуғ даргоҳда етишиб чиққан қанчадан-қанча улуғ зотлар, тилимиз, фанимиз, адабиётимиз ёруғ келажаги учун ўзларини бутун борлиғи билан фидокорона меҳнат қилдилар, шулар қаторида устоз Сафо Матчоновнинг меҳнатлари алоҳида таҳсинга сазовордир”, дея таъкидлади. Дарҳақиқат, анжуманга республикага таниқли олимлар, фан арбоблари, шоиру ёзувчилар ташриф буюриб, Сафо Матжон илмий-ижодий дунёси, унинг болалар адабиётига қўшган улкан хизмати, шогирдлар тайёрлашдаги матонатли меҳнатларини ҳақли равишда эътироф этдилар. Жумладан, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон, болалар шоири Турсунбой Адашбоев, Дилшод Ражаб, адабиётшунос Қозоқбой Йўлдошев каби қатор илм-фан ходимлари ўзларининг чиқишларида олимнинг серқирра фаолиятига баҳо бердилар. 

Сафо Матжон 50 йиллик илмий-ижодий фаолияти давомида “Ўқиш китоби” (4-синфлар учун дарслик), “Китоб ўқишни биласизми?”, “Мактабда адабиётдан мустақил ишлар”, “Она тили ўқитиш методикаси”, “Болалар адабиёти”, “Болалар олами”, “Тириклик суви” “Икки эл ардоғида”, “Болаликни пошшоликка йўйган адиб” номли қатор рисола, монография, ўқув қўлланмалари кенг китобхонларга тақдим қилинди. Анжуман доирасида университет иқтидорли талабалари томонидан тайёрланган шеърият гулдасталари меҳмонларга хуш кайфият бағишлади. 

Изоҳ: Сафо Матчон 1947 йил 23 январда Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани “Қипчоқ” қишлоғида туғилган.

Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ, адабиётшунос