Чили марказий туманларидаги кучли ўрмон ёнғинлари оқибатида қурбон бўлганлар сони 11 кишига етди. Бу ҳақда жума куни маҳаллий ҳукумат хабар берган.

Аввалроқ тўққиз инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқаганди. Analitica порталининг аниқлик киритишича, ёнғин оқибатида миллий ўрмон корпорациясининг уч нафар ходими, иккита ўт ўчирувчи, 2та карабинер ва тўрт нафар маҳаллий аҳоли вакили ҳам қурбон бўлган.

Корпорация маълумотига кўра, Чилида айни кунларда 119та ёнғин ўчоғи қайд этилган, зарар кўрган ўрмонлар умумий майдони эса 360 минг гектарга тенг. Ҳукуматнинг хабар беришича, мамлакатда сўнгги соатларда олов тарқалишига алоқадор бўлган беш нафар шахс қўлга олинди. Уларга қўйилган айбловлар ҳақида батафсил маълумот берилмаган.

Мексика ва Аргентина ўт ўчирувчилари чилилик ҳамкасбларига ёрдамга етиб келган. Яқин орада улар сафига Португалия, Франция, Перу, Бразилия, Испания ўт ўчириш хизмати ходимлари қўшилади. Шунингдек, Россия Ил-76 ёнғинга қарши самолёти билан ҳам оловни ўчиришда қатнашиши кутилмоқда.