Президент Дональд Трампнинг муҳожирлик назоратини кучайтириш соҳасидаги фармонлари АҚШга хавф туғдирмайдиган кишиларга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда Американинг Facebook компанияси асосчиси Марк Цукерберг маълум қилди. У шунингдек фармонлар “муҳожирлар миллати сифатида қарор топган давлат асосларига қаттиқ зарба бериши мумкин” деган.

“Мен ҳам кўпчилик сингари президент Трамп томонидан имзоланган фармонлар оқибатидан ташвишга тушмоқдаман”, - дея таъкидлаб ўтди Цукерберг ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. У ўзининг аждодлари Германия, Австрия ва Польшада туғилганини, рафиқаси Присцилла Чаннинг ота-онаси эса Хитой ва Вьетнамлик қочқинлар эканини ҳам эслатиб ўтган.

“Биз бу мамлакатни асрашимиз лозим. Бироқ бор эътиборни хавф туғдираётган кишиларга қаратиш лозим. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборини ҳақиқий таҳдид уйғотувчи кишилардан ташқари, бошқа инсонларга ҳам қаратиш, Американи хавфсизроқ жойга айлантирмайди. У ўзига ортиқча ресурсларни жалб этиб, миллионлаб оддий йигитларни чиқариб юбориш хавфи остида ҳужжатларсиз яшашга мажбур қилади”, - дея аниқлик киритди Цукерберг.

Унинг фикрича, АҚШ ҳукумати “ўз эшикларини қочқинлар ва ёрдамга муҳтож кишиларга очиб қўйиши керак”. “Шундай бўлганмиз ва бўламиз. Агарда биз бир неча ўн йиллар аввал қочқинларни киритмаганимизда, Присцилланинг оиласи ҳам ҳозир бу ерда бўлмас эди”, - деб қўшимча қилди Facebook асосчиси. У президент Трамп ақл билан иш юритиши ва “АҚШга жуда ҳам истеъдодли кишилар”ни киритиб келишига тўсиқ қўймаслигидан умидвор эканини билдирган.

Давлат раҳбари сўнгги кунлар давомида муҳожирлик сиёсатини кучайтирувчи учта фармонга имзо чекди. Трамп 27 январь, жума куни АҚШда қочқинларни жойлаштиришни 120 кунга тўхтатиб туриш ҳақидаги фармонга қўл қўйди. Бу муддат якунига етганда эса мамлакатга 50 мингдан ортиқ қочқин киритилмайди.

Маълумот учун, Facebook – дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқлардан бири бўлиб, Цукерберг ва унинг Ҳарвард университети бўйича уч курсдоши томонидан 2004 йилнинг 4 февраль куни ташкил этилган. Ижтимоий тармоққа бир ойда бутун дунё бўйлаб 1,71 миллиард фойдаланувчи ташриф буюради.