WndrCo компанияси Dreamworks киностудияси асосчиларидан бири Жеффри Катценберг янги медиалойиҳаларни молиялаштириш учун 591,5 млн доллар сармоя ажратди. Бу ҳақда Variety WndrCo компаниясининг АҚШ қимматли қоғоз ва биржалари коммиссияси (SEC) учун тақдим этган ҳужжатларига асосланиб хабар беради.

WndrCo Барри Диллернинг медиа, кўнгилочар ва саёҳат соҳасидаги лойиҳаларга сармоя киритувчи IAC компаниясига ўхшаб ишлашни бошлайди. Шу ўринда, IAC компанияси Vimeo, About.com ва CollegeHumor'даги улушларга эгалик қилади.

Молиялаштириш босқичида 18 сармоячи иштирок этган, уларнинг номи ҳужжатларда ошкор этилмаган. Сармояларнинг энг кам қиймати 25 млн долларни ташкил этади. Variety маълумотига кўра, WndrCo 700 млн доллардан ортиқ маблағ киритишни режалаштирган.

WndrCo Беверли-Хиллзда рўйхатдан ўтган. Катценберг ҳужжатда WndrCo менежери сифатида кўрсатилган. Шунингдек, компания ходимлари орасида DreamWorks Animation студиясининг собиқ президенти Энн Дейли ва Dropbox собиқ молиявий раҳбари Суджей Жесв ҳам санаб ўтилган.

1984-1994 йилларда Жеффри Катценберг The Walt Disney Company директорлар кенгашини бошқарган. 1994 йилда Катценберг Стивен Спилберг ва Дэвид Геффен билан биргаликда DreamWorks SKG кинокомпаниясига асос солади. У 2004 йилда алоҳида компания бўлиб ажралиб чиққан Dreamworks Animation'га раҳбарлик қилган.

2016 йилнинг апрелида Comcast корпорациясига тегишли NBCUniversal компанияси Dreamworks Animation'ни 3,8 млрд доллар қийматида ўзлаштириб олди. Битим якунига кўра, Катценберг  AwesomenessTV ва Nova медиалойиҳаларининг ривожланиши билан шуғулланувчи DreamWorks New Media номи остидаги янги компанияни бошқара бошлади.