Ҳафта сўнггига келиб Европада яна миллий чемпионат ўйинлари давом эттирилади. Бу ҳафта уик-энди Англияда кубок ўйинлари ўтказилиши сабаб, премьер-лигада қисқа танаффус юзага келади. Аммо шунга қарамай, Европанинг бошқа ҳудудларида бир қатор қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Tribuna.Uz уик-энднинг энг муҳим бешта учрашуви анонси билан таништиради.

 

РЕАЛ МАДРИД – РЕАЛ СОСЬЕДАД (30 январга ўтар кечаси, 00:45, UzReport TV)

«Реал» ўзининг энг оғир даврларини ўтказмоқда. Жамоа барча мусобақаларни қўшиб айтганда сўнгги бешта учрашувнинг фақат биттасидагина ғалаба қозона олди. Ўша учрашувларда мадридликлар дарвозасига 10та гол киритилди. Ҳафта ўртасида Зидан жамоаси «Сельта» қарши ўз уйидаги учрашувдаги мағлубияти сабаб, Испания қироллиги кубогидан ҳам чиқиб кетишига тўғри келди.
 
Икки ҳафта олдин ҳам 40та учрашувдан буён мағлубият нималигини билмай турган жамоа кетма-кет мағлубиятларга учрай бошлади. Аммо бу билан жамоадаги муаммолар тугаб қолгани йўқ. Мадридликлар асосий таркибининг бир йўла тўртта футболчиси жароҳат олиб сафдан чиққан. Модрич, Марсело, Пепе, Карвахаллар жамоанинг чемпионлар лигасидаги дастлабки учрашувида ҳам жамоага ёрдам бера олиши сўроқ остида турибди. Қўшимчасига Хамес Родригесда ҳам мушаклари билан боғлиқ муаммоларга дуч келган. Роналду «Сельта»га қарши учрашувдаги жарима зарбасини айтмаганда, деярли гол урмай қўйди. Бенземанику гапирмаса ҳам бўлади. Аммо Зидан унга ишонч билдиришда давом этмоқда. Бу эса бошқа бир ҳужумчи Моратага ёқмаяпти. Алваро жамоани тарк этиш истагида.

«Реал Сосьедад» учун ҳам сўнгги бирни омадли келди дейиш қийин. Аввалига «Севилья»га 4:0 ҳисобида имкониятни бой бергач, чемпионатдаги иккита учрашувда ғалаба қўлга киритилди. Бироқ кубок чорак финалида «Барселона»га қарши икки учрашувда жамоа ўзига хос бўлмаган тарзда 6та гол ўтказиб юборди. Умуман охирги бешта учрашувда жамоа 10 гол ўтказиб юборгани ҳам жорий мавсумдаги энг ёмон кўрсаткичи саналади. Сўнгги 10 йилда жамоа биринчи марта «Аноэта»да «Барселона»га имкониятни бой бериб қўйди. 

Икки мураккаб даврни ўтказаётган жамоалар учрашуви қайсидир клубнинг бу муваффақиятсиз даврдан чиқиб кетишига ёрдам бериши мумкин. Албатта «Реал» Мадридда ўйнайди ва учрашувнинг яққол фаворити. Боз устига биринчи даврада Сан-Себастьяндаги учрашувда мадридликлар йирик, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонгани ҳам буни тасдиқлаб турибди.

 

РБ ЛЕЙПЦИГ – ҲОФФЕНҲАЙМ-1899 (28 январь, 19:30, Матч! Футбол 2)

Бундан 5-6 ой олдин кимдир январнинг охирги ҳафтасига келиб, Германияда турнинг энг марказий учрашуви «Лейпциг» ва «Ҳоффенҳайм» ўртасидаги кечади дейишганида бунга ҳеч ким ишонмаслиги тайин эди. Аммо бугунга келиб айнан шу жуфтлик нафақат турнинг, балки мавсумнинг энг муҳим учрашувларидан бирига айланди.

«Лейпциг» биринчи даврадаги фантастик сериясидан сўнг, охирги икки учрашувда жамоа «Ингольштадт» ва «Бавария»га ютқазиб қўйди. Ўтган ҳафтада «Айнтрахт»дан йирик ҳисобда устун келган Хазенҳюттль шогирдлари жамоа курашдан чиқиб кетмаганини исботлай олди.
«Ҳоффенҳайм» эса Европада мағлубият нималигини билмай келаётган ягона жамоа унвонини ҳамон ҳимоя қилмоқда. Давралар оралиғидаги танаффусдаги иккита ўйинни ҳам қўшиб ҳисобласак, Нагельсманн шогирдлари сўнгги 5та учрашувнинг тўрттасида ғалаба қозонган. Аммо фақат чемпионат ўйинларини айтадиган бўлсак, «Ҳоффенҳайм» сўнгги 8 учрашувда фақатгина 2 марта ғалаба қозонган, олти дуранг.
Жамоаларнинг биринчи даврадаги учрашувида ҳам ғолиб аниқланмаганди. Марсель Забитцер томонидан ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда киритилган гол «Лейпциг»нинг бугунги ажойиб натижаларига қайсидир маънода дебоча бўлиб берганди. «Лейпциг» ўз уйида кечадиган учрашувларда сўзсиз фаворит. Аммо «Ҳоффенҳайм» ҳаттоки «Бавария»га қарши учрашувда ҳам мағлубиятга учрамаганини ҳисобга олсак, бу учрашувда ҳам серия давом этишини кутишимиз мумкин.

 

ПСЖ – МОНАКО (30 январга ўтар кечаси, 01:00, Матч ТВ)

 

«Ницца» узоқ муддат Лигада пешқадамлик қилганига қарамасдан, кўпчилик айнан шу икки жамоа чемпионлик учун курашишини башорат қилишганди.

«Ницца» сўнгги ўйинларда аста-секин бу гаплар тўғри эканини исботламоқда. «Монако» узоқ давом этган танаффусдан кейин ўтган ҳафтада якка пешқадамга айланиб олди, «ПСЖ» эса ҳозирча «Ницца»дан бир очкога ортда қолмоқда. Мавсумнинг энг муҳим учрашувидаги ғалаба нафақат «Ницца»ни қувиб ўтишга, балки «Монако»га ҳам етиб олиш имкониятини тақдим этиши мумкин. 

Парижликлар «Монпелье» «Ницца» ва «Генгам»га қарши учрашувлардаги муваффақиятсиз ўйинлардан кейин сўнгги бешта учрашувда ғалаба қозонди. Ғалабали серияда тўплар нисбати 16:1 кўринишида бўлган. Ҳафта ўртасида «ПСЖ» лига «Бордо»ни йирик ҳисобда енгиб лига кубоги финалига йўлланма олди. Дарвоқе у ерда ҳам Эмери шогирдларига «Монако» рақиблик қиладиган бўлди. Умуман жамоада барчаси жойига тушиб олгандек. Кавани тинмасдан гол урмоқда ва Европа чемпионатларида бу борада энг яхши тўпурар бўлиб турибди. Ҳимоя ҳам юқорида таъкидлаб ўтганимиздек жуда ишончли ўйнамоқда. «Бордо»гача бўлган ўйинларда жамоа кетма-кет тўртта учрашувда ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юбормаганди.

«Монако»да эса барчаси парижликларданда ажойиб ўтмоқда. Бир мавсум давомида урилиши катта натижа бўлган 64та голни январдаёқ забт этиб бўлган «Монако» ҳам сўнгги бешта учрашувда фақат ва фақатғалаба қозонган. Франция чемпионатининг сўнгги икки турида Жардим шогирдлари саккизта тўп киритишга муваффақ бўлди, уларнинг 4таси «Марсель» уйида киритилди. Юқорида эслаб ўтганимиздек ҳафта ўртасида «Монако» «Нанси»дан устун келиб, лига кубоги финалида «ПСЖ»га рақиблик қиладиган бўлди.

Иккала жамоанинг биринчи даврадаги ўйинида «Монако» ишончли тарзда, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Парижда, юқори спорт формасига кирган «ПСЖ»га қарши, мавсумни ўта барқарор ўтказаётган «Монако» учрашуви бизга жуда ажойиб ўйинни ваъда қилмоқда. «Монако» учрашувда ғалаба қозонган тақдирда, чемпионлик учун энг катта қадамини ташлаган бўларди. «ПСЖ» эса ва ниҳоят пешқадамлик мавқеига қайтиш учун ҳам бу учрашувни ютиши керак бўлади.

 

САССУОЛО – ЮВЕНТУС (29 январь, 19:00, Матч! Футбол 2)

«Ювентус» А серияда ҳамон гегемонлик қилмоқда. Бироқ бу йили туринликларга «Рома» ва «Наполи» жиддий қаршилик кўрсатмоқда. «Интер»нинг сўнгги турлардаги кетма-кет ғалабалари ҳам анча шов-шувли чиқмоқда. Шу боисдан ҳам Аллегри шогирдлари бир зум бўлсада, эътиборсизлик қилишлари мумкин эмас. «Сассуоло» билан ўйин ҳам шу жиҳатдан муҳим дейиш мумкин. 
«Фиорентина»дан учралган мағлубиятни ҳисобга олмаганда, «Ювентус»нинг ишлари жойида дейиш мумкин. Ҳафта ўртасида жамоа «Милан»ни кубокдан чиқариб юборди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Чемпионатда еврокубоклар учун курашни давом эттираётган «Лацио» мағлубиятга учратилди.

«Сассуоло» эса айнан чемпионатда ўз ўйинини топиб олган кўринади. Жамоа «Чезена»га имкониятни бой бериб кубокдан чиқиб кетди. Бироқ А серияда сўнгги икки учрашувда ўта ишончли ғалабаларни қайд қилиб яхши спорт формасига кириб олди.

Жамоаларнинг биринчи даврадаги учрашувида туринликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Сассуолода кечадиган учрашувда ҳам Аллегри жамоаси фаворит саналиши табиий. Бироқ яхши серия бошлаб олган «Сассуоло» бизга қизиқарли қарама-қаршилик бўлишига умид бермоқда.

 

САУТҲЕМПТОН – АРСЕНАЛ (28 январь, 22:30, Матч! Футбол 1)

Бу ҳафтада Англия чемпионати ўтказилмайди. Аммо кубок доирасида бир қатор қизиқарли қарама-қаршиликлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шундай тўқнашувлардан бири Саутҳемптонда бўлиб ўтади.

Клод Пьюэл жамоасининг кайфияти ажойиб дейиш мумкин. Жамоа ўтган ҳафтада Лига кубоги финалига йўлланма олди. «Авлиёлар» «Ливерпуль»ни икки учрашувда ҳам мағлуб этиб февраль сўнггида бўлиб ўтадиган «Уэмбли»даги финалга йўлланма олди. Барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда сўнгги 5та учрашувда «Сотон» тўртта ғалаба қозонди. Биргина «Бёрнли»га қарши учрашувни ҳисобга олмаса, қолган тўртта учрашувда ўз дарвозасидан бирорта ҳам тўп олиб чиққани йўқ. «Арсенал»да ҳам ҳозирча барчаси яхши кетмоқда. Жамоа сўнгги бешта учрашувнинг 4тасида ғалаба қозонган. АПЛнинг сўнгги турида жамоа жуда асабий руҳда ўтган учрашувда катта қийинчиликлар билан бўлсада «Бёрнли»дан устун келди. Аммо учрашувдаги номақбул ҳаракатлари сабаб Венгер 4та учрашувга дисквалификация қилинди ва бу учрашувда ҳам у жамоасига стадиондан туриб ёрдам бериш имкониятига эга бўлмайди.

Кубокда, айниқса Англия кубогида исталган натижани кутиш мумкин. Ном жиҳатдан лондонликлар фаворит кўриниши мумкин. Аммо мезбон сифатида ҳаракат қиладиган «Саутҳемптон» одатда осонлик билан рақибига ён беравермайди. Шанба куни бизни ўта қизиқарли учрашув кутиб тургани шубҳасиз.