Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятида бўлди. 

Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига ташрифининг иккинчи куни Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали билан танишди. 

Мазкур шифохона аҳолига даволаш ва профилактика хизмати кўрсатиб келмоқда. Бу ерда кардиология, кардиореабилитация, кардиохирургия, интервенцион кардиология ва физиотерапия бўлимлари ҳамда  поликлиника фаолият юритмоқда. 

Ушбу тиббиёт маскани негизида Россия Федерациясининг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу чақалоқларда учрайдиган юрак нуқсонларини аниқлаш ва даволаш, йилига 3 мингдан зиёд беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишга имконият яратади. Мазкур шифохона Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятлари аҳолиси учун минтақавий марказ бўлади. 

Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини ривожлантириш, ўқув юртларида қишлоқ врачлик пунктларига ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш, касалликларни эрта аниқлашга эришиш, профилактика ишларини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш долзарб масалалар ҳисобланади. Бундай марказлар беморларни даволаш билан бирга ана шу ишларга ҳам салмоқли ҳисса қўшиши керак, деди Шавкат Мирзиёев.