28 январда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида маиший чиқиндиларни қайта ишловчи завод лойиҳаси билан танишди.

Бугунги кунда бутун мамлакат бўйлаб минглаб тонна маиший чиқиндилар махсус полигонларда тўпланиб, уларга ҳеч ким томондан талаб билдирилмайди. Энди эса бу чиқиндилар мамлакат учун тубдан янги корхоналар – чиқиндиларни қайта ишловчи заводларга хом ашё бўлади. Ўзбекистонда бундай турдаги бир нечта завод қурилади.

Хоразм вилоятидаги янги корхона Урганч туманида 15 гектар майдонда жойлашади. Ўзбекистон миллий банки завод қурилишига 7 млрд сўм ва 970 минг доллар киритади. Заводдаги ишлаб чиқариш мажмуаси Хитойнинг BestonGroupMachineryCoLTD компанияси томонидан жиҳозланади.

Йил охиригача корхона фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Унда ҳар йили 900 минг тонна қаттиқ маиший чиқинди қайта ишланади. Корхона сараловчи қурилма билан жиҳозланади, унда келаётган хом ашё сараланиб, сўнгра маҳсулот ишлаб чиқарувчи цехларга жўнатилади. Умумий ҳисобда завод 6 турдаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқаради. Резина, автошиналар, целлофан ва пластмассадан қозонхоналар учун ёнилғи, ёғоч бўлакларидан хоналарни иситиш учун брикетлар ишлаб чиқарилади. 

Баклажкалардан тўқимачилик ва қурилиш саноатида талабгир бўлган синтепон ишлаб чиқарилади. Қурилиш чиқиндиларидан девор материаллари сифатида ишлатиш мумкин бўлган блоклар ишлаб чиқарилади. 

Яна бир алоҳида линияда макулатурадан саноат корхоналари учун қадоқлаш материаллари олинади. Мева-сабзавот чиқиндилари ва айниган озиқ-овқат маҳсулотларидан биогаз ва ўсимликлар учун ўғит олинади.