Мексикалик мультимиллиардер ва дунёнинг энг бой одамларидан бири Карлос Слим 2018 йилги Мексика президенти сайловларида иштирок этиш ниятида эмаслигини айтди.

"Пешонамга битгани – тадбиркор бўлиш", деб жавоб берган Слим Мехикодаги матбуот-анжуманида сайловларда иштирок этиш ҳақидаги саволга. Шу тариқа, у ўзининг "ҳамкасби", миллиардер ва тадбиркор Дональд Трампнинг йўлини қайтармоқчи эмаслигини билдириб қўйган. 

Шу билан бирга Слим амалдаги президент Энрике Пенья Ньетони АҚШ билан кескинлашган вазиятда қўллаб-қувватлашини айтган. "Биз Мексика президенти миллий манфаатларни ҳимоя қила олиши учун уни қўллаб-қувватлашимиз керак", деб айтган магнат. 

Слим Трамп ҳақида гапираркан, унинг ақли ва музокаралар олиб бориш ўқувига тан беришини айтган. Слим охирги марта Трамп билан декабрда учрашган эди. "Трамп "Терминатор" эмас, у музокарачи", деб таърифлаган Трампни Слим.