НАТОнинг немис базаларида хизмат қилаётган тахминан 40 нафар турк ҳарбийси ҳукуматга Германиядан бошпана тақдим этишларини сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда Spiegel газетаси хабар берди.

Туркияда 2016 йилнинг 16 июлга ўтар кечаси бир гуруҳ ҳарбий исёнчилар томонидан ҳарбий тўнтаришга уриниш юз берди. Асосий қарама-қаршилик Анқара ва Истанбул шаҳарларида кузатилди. Воқеа туфайли 240дан ортиқ туркиялик фуқаро ҳалок бўлиб, 2 мингдан кўпроқ инсон жароҳат олди, исён бостирилди.

Газетанинг ёзишича, ҳарбий хизматчилар Туркиядаги “тозалаш”га тушиб, НАТОнинг ГФРдаги базаларидаги ўз лавозимларини тарк этишгани туфайли Германиядан бошпана сўрашган.

Аскарлардан бирининг сўзларига кўра, улар “исёнчиларга нисбатан ҳайрихоҳ бўлишмаган”. “Тозалаш жараёнига тушган аскарларнинг умумий бир жиҳати бор – биз омадлимиз ва Ғарбга нисбатан ижобий кайфиятдамиз”, - деган у.

“Биз Туркияга бу аскарларни қайтариб бера олмаслигимиз аниқ. У ерда улар дарҳол қамоқхонага ташланади”, - дея маълум қилган бундестаг депутати, ички хавфсизлик бўйича эксперт Штефан Майер.

Германия канцлери Ангела Меркель Туркияга пайшанба, 2 февраль куни ташриф билан келади.

Аввалроқ Греция олий суди Туркияга мамлакатга 2016 йилнинг 16 июль куни вертолётда қочиб келган саккиз нафар ҳарбий хизматчини бермаслиги ҳақида қарор қабул қилди. Суд она ватанларида уларнинг ҳаёти хавф остида бўлади деган фикрни билдирган. Туркия уларни мамлакат президенти Тоййиб Эрдўғанга суиқасд қилишни тайёрлашда айбламоқда.