11 нафар Нобель лауреати ва бошқа минглаб таниқли олимлар АҚШ президенти Дональд Трампнинг мамлакатга муҳожирлар киришини чеклаш ҳақидаги фармонига қарши арзномага имзо чекди. Бу ҳақда The Washington Post газетаси хабар берди.

Унинг маълумотларига кўра, арзнома президент фармони эълон қилингунга қадар - 26 январгача ташкил этилиб, тарқатилган. Ҳужжатга 27 январь куни ҳолатига кўра Нобель лауреатлари, Филдс мукофоти медалчилари, АҚШ илм-фан миллий академияси аъзолари, Жон Бейтс Кларк медаллари соҳиблари, шунингдек, Мак-Артур стипендияси эгалари имзо чеккан. Норозиликка хорижий академиклар ҳам қўшилиши эҳтимолга яқин. Улар келажакда АҚШда ўтказиладиган анжуманларни байкот қилишлари мумкин. Бундан ташқари, хорижлик талабалар АҚШдан қаергадир кетишса, ўз ўқишларини давом эттира олмасликларидан хавотирда, деб ёзган нашр.

Арзномада АҚШ президенти хатти-ҳаракатлари “камситувчи” деб аталиб, “АҚШ миллий манфаатларига зарар келтириши” ҳамда “Америка жамиятига жуда ҳам катта юк бўлиб тушиши” айтилган.

Маълумот учун, Америка давлат раҳбари сўнгги уч кун давомида муҳожирлик сиёсатини кучайтиришга йўналтирилган учта фармонга имзо чекди. Трамп жума куни АҚШда қочқинларни жойлаштириш дастурини 120 кунга тўхтатиб туриш ҳақидаги фармонга қўл қўйди. Бу муддат якунига етгач ҳукумат бир йил давомида 50 мингдан ортиқ қочқинни мамлакат ҳудудига киритмайди.