Европа Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишини қутлаган АҚШ президенти Дональд Трампнинг гапларига қаттиққўллик билан жавоб бериши керак. Бундай фикрни 28 январда Франция президенти Франсуа Олланд айтиб ўтди. 

"АҚШ президенти томонидан Европа ҳақида билдирилаётган гаплар бўлганда ва у Brexit қолган давлатлар учун ўрнак ҳисобланишини айтганда, фикримча, биз унга жавоб беришимиз керак", деб айтди Олланд Лиссабонда ўтган Ўрта Ер денгизи давлатлари саммитида.

Олланднинг айтишича, Европа Иттифоқи давлатлари Оқ уйнинг янги эгаси билан муносабатларда умумевропа манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда қатъий позицияга эга бўлиши лозим. "Биз ўз позицияларимиз ҳақида гапиришимиз ва ўз фикримизда қатъий туриб, мулоқотга киришишимиз лозим. Европа ўз қадриятлари, принциплари ва манфаатларидан келиб чиқиб иш кўриши керак", деб айтган Олланд.

27 январда Трамп Вашингтонда Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйни қабул қилган ва қўшма матбуот-анжуманида британияликларнинг Европа Иттифоқидан чиқиши қарорини қўллаб-қувватлашини айтган. 

"Мен Brexit’ни давлатингиз учун ажойиб иш бўлади, деб ҳисоблайман. Ўйлайманки, ҳаммаси изга тушганда, сизда ўз қиёфангиз, давлатингизда эса сиз кўришни истаган одамлар бўлади ва сиз шахсий савдо битимларингизни туза оласиз", деб айтган Трамп британиялик журналистга юзланиб.