АҚШ президенти Дональд Трамп мудофаа вазирлиги раҳбаридан мамлакат ядро кучлари ҳолатини ўрганиб чиқишни талаб қилди. Бу ҳақда президент томонидан жума куни имзоланган меморандум матнида айтилган. Унга кўра, бу ҳолат иттифоқчилар хавфсизлиги ва самарали “босиб туришни” таъминлаш мақсадида амалга оширилиши лозим.

"Вазир (мудофаа) ядро кучлари ҳолатини таҳлилдан ўтказишни ташкил этиши лозим. Бу АҚШ ядро салоҳияти замонавий, кучли, тезкор ҳамда тайёр ҳолда туриши ва XXI аср таҳдидларига жавоб бериши мақсадида амалга оширилиши лозим. У шунингдек бизнинг иттифоқчиларни ҳимоя қилиши керак", - дейилади ҳужжатда.

Президентга тақдим этиладиган ҳисоботда жорий бюджет йили доирасида амалга оширилиши мумкин бўлган ва "тайёргарликни яхшилаш учун керакли деб ҳисобланган" тавсиялар бўлиши лозим.

Маълумот учун, куни кеча АҚШ янги мудофаа вазири Жеймс Мэттис қасамёд қабул қилди. Дональд Трамп Пентагонга маросимда иштирок этиш ҳамда меморандум ва фармонларга имзо чекиш учун ташриф буюрди.