Усэйн Болт 2008 йилги Олимпиадада ютган олтин медалини қайтариб берди

Спорт 28 Январь 2017 8242

Ямайкалик спринтер Усэйн Болт Пекиндаги 2008 йилги Олимпиадада 4x100 м эстафета югуришда миллий терма жамоа сафида қўлга киритган олтин медалини унинг жамоадоши Неста Картернинг допинг-намунаси ижобий чиққани сабабли Халқаро Олимпия қўмитасига қайтариб берди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

"Албатта, медални қайтариб бериш хуш келмайди, бироқ ХОҚ шуни талаб қилмоқда. Шунинг учун мен медални қайтариб бердим", деб айтган Болт.

25 январда ХОҚ Картер намунасида метилгексанамин моддаси аниқлангани сабаб Пекин Олимпиадасида олтин медални қўлга киритган Ямайка терма жамоаси натижасини бекор қилди. Кейинроқ Картер ХОҚ қарори устидан Спорт ҳакамлик судига шикоят аризаси бериши маълум бўлган.

Болт эстафетада қўлга киритилган ғалабаси эвазига 9 карра Олимпия чемпиони ҳисобланарди. Натижа бекор қилингандан кейин Болтнинг олтин медаллари биттага камайди ва у енгил атлетикачилар орасида 9 тадан олтин медаль қўлга киритган америкалик спринтер Карл Льюис ва финляндиялик югурувчи Нурми Пааво билан бу борадаги биринчиликни бўлишишни қўлдан чиқарди. 

Энди бу олтин медаль Тринидад ва Тобаго терма жамоасига берилади, кумуш медаллар эса япониялик спортчиларга, бронза медаллари эса бразилияликларга насиб қилади.

Кўпроқ янгиликлар