Биологлар саратон ҳужайраларининг танада қандай тарқалишини аниқлашди

Жамият 29 Январь 2017 8761

Йелл университети олимлари кутилмаганда тери саратонининг бунчалик агрессивлиги сабабини кашф қилишди. Маълум бўлишича, унинг ҳужайралари иммунтаначалари билан бирлаша олиши оқибатида мустақил ҳаракатланиш хусусиятига эга бўлади, дейилади PLoS One журналида чоп этилган мақолада.

"Энди биз ушбу бирлашиш жараёни қандай қилиб содир бўлишини аниқлашимиз керак. Бизнингча, унинг турли босқичлари бор, шунга биноан, ҳар бир боғланиш жараёнини бузиш йўлини топиш лозим. Келажакда ушбу қўшилишга тўсқинлик қилиш билан саратон ҳужайралари тарқалишининг олдини олишимиз мумкин", — деган Боулдердаги Колорадо университети олими John Pawelek. 

Бугунги кунда олимлар, инсон иммун тизими илк ўсимталар билан самарали кураша олади, деб ўйлашади. Бироқ, ҳужайралар ҳаракатлана оладиган бўлгач, метастазалар юз беради ҳамда қандайдир сабаб билан иммун тизим уларни шунчаки кўрмайди ёки йўқотишга уринмайди. Америка тиббий хизматларининг маълумотларига кўра, саратон билан хасталанган беморларнинг 90 фоизи айнан метастаза туфайли ҳаётдан кўз юмади. 

Эндиликда, Pawelek ва унинг ҳамкасблари метастаза қандай рўй беришига ва иммун тизими нима учун уларга тегинмаслигининг сабабини амалда тасодифан аниқлашди. Улар аввал суяк мияси кўчириб ўтказилган инсонда тери саратони кучайишини ўрганаётган вақтда шу нарсага дуч келишган. 

Олимлар саратон ҳужайраларининг метастазалардаги геномлари ярми беморнинг ўз ДНКси ярми суяк мияси донори ДНКсидан иборат бўлганини аниқлашган. 

Бу ҳужайраларни батафсил ўрганган олимларнинг хулоса қилишларича, бундай ғаройиб бирикиш лимфоцитлар (саратон ўсимтасини йўқ қилувчи иммун ҳужайра) ва меланома (тери саратони) ҳужайраси қўшилишидан пайдо бўлади. Натижада лимфоцитнинг айрим, жумладан ҳаракатланиш хусусиятларига эга бўлган гибрид ҳужайра пайдо бўлади. У, шунингдек, назоратсиз кўпая олади. 

Олимларга кўра, саратоннинг бошқа турларида ҳам метастаза шундай кўринишда рўй беради. Бу жараёнга йўл қўймаслик, касалликка қарши курашишда ёрдам беради. 

Кўпроқ янгиликлар