АҚШ президентлигига Демократик партиядан собиқ номзод Ҳиллари Клинтон мамлакатда миграция сиёсатини кескинлаштиришга қарши норозилик билдираётганларни қўллаб-қувватлади. У Twitter микроблоглари саҳифасида шундай хабарни қолдирди.

"Мен қадриятларимиз ва конституциямизни ҳимоя қилиш мақсадида бугун мамлакат бўйлаб тўпланган инсонларни қўллаб-қувватлайман. Биз аслимизга мос келмаяпмиз", - дейилади Клинтон хабарида.

Куни кеча, Американинг қатор шаҳарларида АҚШ миграция сиёсатини қатъийлаштиришга қарши намойишлар бўлиб ўтди. Нью Йоркнинг Жон Кеннеди аэропортидаги намойишда мингга яқин инсон қатнашди. Бир неча юзлаб кишилар Американинг Денвер (Колорадо штати), Чикаго (Иллинойс штати) ва Вашингтон шаҳарларидаги аэропортларда норозилик акцияларини ўтказишди.  Намойишчилардан айримларининг қўлларида "қочқинларни киритинг", "визаси борларга рухсат беринг", "Трампга уят" ва бошқа шу каби сўзлар битилган плакатлар бор эди. 

Сўнгги кунларда, Дональд Трамп иммиграция сиёсатини кучайтиришга қаратилган қатор фармонлар имзолади. Хусусан, шундай фармондан бирига кўра, асосий аҳолиси мусулмонлардан иборат бўлган мамлакатлар фуқароларига 90 кунга АҚШга кириш тақиқланди. Бироқ, ҳужжатда қайси мамлакатлар ҳақида гап бораётганига ойдинлик киритилмаган бўлса-да, Америка ОАВ булар Ироқ, Эрон, Сурия, Судан, Яман, Ливия ва Сомали мамлакатлари эканини маълум қилди. 

Шу билан бирга, Америка маъмурияти раҳбари қочқинларни АҚШда жойлаштириш дастурини 120 кунга тўхтатиш, шундан сўнг, йил давомида атиги 50 мингдан кўп бўлмаган қочқинни жойлаштиришга кўрсатма берган эди.